2013 йилдан Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси(FIFA) ҳаками сифатида фаолият юритиб келаётган ҳамюртимиз Ильгиз Танташев FIFA томонидан Жаҳон чемпионати олдидан номзод ҳакамлар учун ташкил этилган семинарда иштирок этмоқда.
Қатарда ўтаётган мазкур семинар FIFA ва OFK ҳамкорлигида ўтказилаётган бўлиб, Жаҳон чемпионати ўйинларида ҳакамлик қилиши мумкин бўлган номзод бош ҳакамларни тайёрлаш ва саралашга қаратилган.
Жорий йилнинг 23-28 февраль кунлари ташкил этиладиган семинар доирасида Танташев назарий, амалий машғулотлар ҳамда турли ўйин вазиятлари таҳлилларида қатнашади.

Ушбу семинар Жаҳон чемпионатлари даражасида фаолият юритадиган ҳакамларни шакллантириш йўлидаги муҳим тайёргарлик босқичларидан бири ҳисобланади, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, И.Танташев 2014 йилдан халқаро даражадаги ўйинларни бошқаришда иштирок этиб келади. 2021 йил Ўзбекистоннинг энг яхши футбол ҳаками сифатида эътироф этилган. 2024 йил Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинлари футбол мусобақаларини бошқаришда фаолият юритган.
Т.Рўзиев, ЎзА