Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Ўзаро еттинчи қарама-қаршиликда қайси жамоа ғолиб бўлади?
13:55 / 2022-11-16

Бугун, 16 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий терма жамоаларининг навбатдаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади.

Айтиш лозим, жамоалар 1992 йилдан бери турли доирадаги мусобақаларда олти марта рўбарў келган. 

1992 йили Марказий Осиё кубогида икки бор тўқнаш келиб, биринчи ўйинда 1:0 ҳисобида қозоғистонликларнинг қўли баланд келган бўлса, иккинчи учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган. 

1994 йили Тошкентда ташкил этилган “Мустақиллик кубоги”да терма жамоамиз қўшни мамлакат вакилларини 1:0 ҳисобида доғда қолдирган. 

1998 йилги Жаҳон чемпионатига саралаш ўйини учун пойтахтимизда ўтган ўйиннинг биринчи даврасида жамоалар (1:1) муроса йўлини танлашган. Иккинчи ўйинда вакилларимиз Қозоғистон терма жамоасини 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. 

2007 йили Алматидаги ўртоқлик учрашувида эса 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилган. Бугун жамоалар еттинчи маротаба куч синашади. 

Кеча, 15 ноябрь куни мазкур учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ҳамда Қозоғистон терма жамоаси устози Магомед Адиев журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида “Пахтакор” стадионида Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида кечадиган ўйин ҳар жиҳатдан қизиқарли бўлишини эътироф этди. 

Бири Осиё, бири Европа футболида улғаяётган жамоаларнинг бу галги учрашуви қай тарзда кечишини, натижалар қандай бўлишини яшил майдон кўрсатади. 

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз терма жамоаси бугунги ўйиндан сўнг, 20 ноябрь куни Россия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида қатнашади.



Тўлқин Рўзиев, ЎзА