Маълумки, жорий йилнинг 6-12 сентябрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда футбол бўйича 23 ёшгача бўлганлар ўртасидаги 2024 йилги Осиё кубогининг саралаш баҳслари бўлиб ўтади.
Тошкент шаҳрида ўтказиладиган мазкур босқич ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида терма жамоа мураббийлар штаби йиғинга 31 нафар футболчини таклиф қилди.
2024 йил Қатарда ўтадиган У-23 Осиё кубогининг саралаш босқичида иштирок этадиган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эртага, 1 сентябрь куни навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади. Машғулотлар саралаш босқичи бошлангунга қадар давом этади.
Осиё кубогининг саралаш босқичида терма жамоамиз Афғонистон, Гонконг ва Эрон жамоалари билан ғолиблик учун кураш олиб боради.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси 6 сентябрь куни ўтадиган саралаш мусобақасининг 1-турида Афғонистон жамоасига қарши майдонга тушади. 9 сентябрь куни бўладиган 2-турда ҳамюртларимиз Гонконг билан куч синашади. 12 сентябрь кунига белгиланган ўйинда вакилларимиз Эрон терма жамоаси билан рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг барча учрашувлари пойтахтимиздаги “Жар” стадионида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА