English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Осиё кубоги-2023нинг даъвогарлари тўртта
10:46 / 2022-07-19

Футбол бўйича 2023 йилги Осиё кубоги баҳслари қаерда ўтказилиши масаласи қитъа футбол оламида энг кўп муҳокама қилинаётган бир пайтда Австралия, Индонезия, Жанубий Корея ва Қатар мамлакатлари Осиё футбол конфедерациясига (ОФК) мазкур ўйинларни қабул қилишга даъвогар эканликларини билдирди.

Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси хабар қилди.

Унда айтилишича, энди тўрт мамлакатнинг футбол ассоциациялари жорий йил 31 августга қадар ОФКга Осиё кубогини қабул қилиш бўйича ўз аризаларини топшириши талаб этилади.

Шундан сўнг, ОФК Ижроия қўмитаси 24 та миллий ассоциация делегатлари иштирокида қитъа кубогини қабул қиладиган мамлакатни танлаш ва эълон қилишдан олдин жорий йилнинг 17 октябрида тўртта даъвогарнинг аризаларига умумий баҳо беради.

Шу ўринда айтиш лозимки, мазкур ўйинлар аслида келгуси йилнинг 16 июнь-16 июль кунлари Хитойда ўтказилиши керак эди.  
Бироқ, COVID-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият сабабли Хитой ҳукумати футбол бўйича Осиё кубоги қаторида бу йил Ханчжоу шаҳрида ўтиши керак бўлган ёзги Осиё ўйинлари ва бир йил кечиктирилган ёзги Универсиада ўйинларини қабул қила олмаслигини билдирди.

Қитъа ўйинлари бир йилга кечиктирилган бўлса, талабаларнинг бутунжаҳон универсиада ўйинлари бекор қилинди. Футбол бўйича қитъа кубоги эса вақтинча “эгасиз қолди”.  

Қитъа яшил майдонларига ҳақиқий футбол баҳорини туҳфа этадиган Осиё кубогига тўрт номзоддан қайси бири эга чиқиши ҳозирча номаълум. Аммо, ўтган Осиё чемпионатлари тарихига разм ташланса, шу кунгача Австралия, Қатар ва Жанубий Корея яшил майдонларида ушбу тизимдаги миллионлар ўйини ўтказилган.

Индонезия бу борада "қалдирғоч" номзод саналади. Шундай бўлса-да, Индонезияда келгуси йилнинг май ойида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўратсидаги жаҳон кубоги баҳслари ўтказилишини назарда тутсак, унинг қолган уч номзоддан ҳеч қандай кам жойи йўқлигини, имкониятлар палласи тош босишда улардан қолишмаслигини кўрсатмоқда.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА