Осиё футбол конфедерацияси 2023 йилги Осиё кубогини ўтказишга даъвогарлардан аризаларни қабул қилиш муддатини 15 июлга қадар узайтирганлигини эълон қилганидан кейин Индонезия футбол ассоциацияси мазкур ўйинларни қабул қилишга қизиқиш билдирди.
Футбол бўйича 2023 йилги Осиё кубоги баҳслари аслида Хитойда ўтказилиши керак эди. Аммо, Covid-19 билан боғлиқ эпидемиологик вазият сабабли Хитой мазкур мусобақани қабул қилишдан бош тортганидан сўнг, Осиё футбол конфедерацияси қитъа кубоги учун танлов эълон қилди.
Айтиш жоиз, 2007 йили Индонезия Малайзия, Таиланд ва Вьетнам билан биргаликда Осиё кубогига мезбонлик қилганди.
Осиё кубоги-2023 турнирини ўтказишга шунингдек, Жанубий Корея, Япония, Австралия ва Қатар ҳам даъвогар эканликларини билдиришган.
Қитъа футбол конфедерацияси хабарида айтилишича, даъвогарлар аризаси қабул қилингандан кейин белгиланган муддатда мусобақа мезбони масаласи кўриб чиқилади. Ушбу ўйинлар қайси давлатда ўтиш масаласига жорий йил октябрь ойида ойдинлик киритилиши мумкин.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА