Футбол: Олимпиячилар Эрон билан, миллий терма эса Мексика билан куч синашади
Бугун, 12 сентябрь куни Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё кубоги саралаш учрашувида Эронга қарши майдонга тушса, Америка Қўшма Штатларида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этаётган миллий терма жамоамиз Мексика билан куч синашади.
Олимпиячиларимиз пойтахтимиздаги “Жар” стадионида Эрон футболчилари билан баҳс юритади.
Айтиш лозим, ҳозирга келиб, Эрон ва Ўзбекистон олимпиячилари 6 очко тўплаган ҳолда гуруҳ босқичида пешқадамлик қилиб турибди. Ҳамюртларимиз голлар нисбатига кўра, биринчи поғонадан жой олган.
Миллий терма жамоамиз эса 12 сентябрдан 13 сентябрга ўтар кечаси Атлантада Мексика терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади.
Мексика терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 12-ўринни, Ўзбекистон эса 74-поғонани банд этган.
Эслатиб ўтамиз, океан ортидаги илк ўртоқлик учрашувида терма жамоамиз АҚШ терма жамоасига 3:0 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
Т.Рўзиев,
ЎзА