Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: натижа кейинги ўйинларга кучлироқ бўлиб қайтишни тақозо этади
17:24 / 2023-06-21

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси “CAFA Nationʼs Cup 2023" финалида Эрон терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди.

Ўйин қай тарзда ўтди? Қайси вазиятларда устун эдигу, қайси ҳолатларда имкониятдан фойдалана олмадик? Учрашувни бошқариб борган ҳакамлар гуруҳи  чиройли футболга халақит қилмадими? Фикрларимиз шу ҳақда.

Даражаси бир-бирига яқин терма жамоалар учрашганда майда деталлар натижани келтириб чиқаришини кўп мураббийлар эътироф этишади. Баъзида ўйин жараёнидаги, баъзида атрофидаги факторлар. Бунга Ўзбекистон-Эрон ўртасидаги финал яққол мисол. Икки хил тайм: биринчисида юқори темп, иккинчисида эпизодларга бўлиниш. Иккисида ҳам мезбондек ёки фаворитдек активлик Ўзбекистон терма жамоаси томонда бўлди. Жамоамизда назорат, ҳаракат, босим ва олдинга интилишда устунлик бор эди. Асосий муаммо якуний лаҳзада. Элдор Шомуродовнинг зарбасидан кейин тўпнинг устунга тегиши, Остон Урунов бирга-бир чиқиши ва яна қатор вазиятларда аниқ узатма етишмагани. Эрон эса ўзининг иккита позицион ҳужумидан биттасини голга айлантирди.

Яна бир вазиятда ҳакамнинг савиясизлиги натижани йўққа чиқарди. Юсупов тўпни Шомуродовга узатгач, Элдор бирга-бир чиқиб кетаётганди. Ҳар қандай нормал ҳакам бу вазиятда ҳужум нима билан тугашини кутади. Лекин Ўзбекистон футболчиларининг ҳужумга ўтаётганини кўриб турган рефери ўйинни тўхтатди. Ўзбекистон жамоасини яққол голдан маҳрум қилди. Бир гол ҳаммасини ҳал қиладиган, Эрон ҳимоясидан ўтиш ўта оғир кечаётган, Элдорга умуман бўшлиқ берилмаётган пайтда терма жамоамиз аъзоларига шу вазият жуда ва жуда керак эди.

Эронликлар Ўзбекистон дарвозасига гол ургач, рақиблар онгли равишда ўйин шиддатини пасайтиришга интилди. Шундай услубда натижа учун ҳамма ишни қиладиган рақиб билан ўйнашни ўрганишимиз кераклиги шу ҳолатда яққол кўринди.

Учрашувдаги натижа ўртадаги умумий фарқни яққол кўрсатиб берди, деб бўлмайди. Биз кўпроқ хато қилдик, Эрон эса минимум. Шу таъриф мос, назаримда. Ютсак бўларди, деган туйғули мағлубият янада аламли. Нима бўлганда ҳам кейинги масъулиятли ўйинларга янада кучлироқ бўлиб қайтамиз, дея чиқарилган хулоса қадрлироқдир.

Даврон Файзиев, Ўзбекистон 

футбол ассоциацияси матбуот котиби.

ЎзА.