Ўзбекистон профессионал футбол лигаси жорий йилги футбол мавсуми давомида Суперлигада иштирок этган жамоалар қанча мухлис тўплагани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.
Хўш, бу борада қайси жамоанинг футбол фанатлари сон жиҳатдан устунликка эришди-ю, қай бирлари бу борада мухлислар эътиборини у қадар ўзига қарата олмади?

Рақамларга эътибор қаратилса, бир ўйинга ўртача мухлис ташрифи бўйича водийнинг уч жамоаси - “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва “Андижон” етакчиликка эришган.
"Нефтчи" жамоасининг ҳар бир ўйинини бевосита стадионда ўртача 12 минг 263 нафар футбол ишқибози кузатиб борган ва жамоасини қўллаб-қувватлаган.

"Навбаҳор" футбол ўйинларини эса 9 минг 629 нафар мухлис ўйингоҳда кузатган бўлса, "Андижон" жамоаси учрашувларига ўртача 9 минг 614 нафар футбол фанати келган.

Жорий йилги футбол мавсумида миллионлар ўйини ишқибозларини стадионга йиғишда энг ёмон натижа "Бунёдкор" жамоасига тегишли бўлди. Пойтахт жамоаси ўйинларни ўртача 928 нафар мухлис кузатиб борган. Клубнинг бу кўрсаткичини қайсидир маънода стадионда таъмирлаш ишлари олиб борилгани ва кўп ҳолларда учрашувлар Тошкентдаги бошқа ўйингоҳда ўтказилгани билан изоҳлаш мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА