Футбол: Мираброр Усмонов хотира турнири бошланди
Кеча пойтахтимизда таниқли давлат арбоби, Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг собиқ раиси Мираброр Усмонов хотирасига бағишланган халқаро турнир старт олди.
16 ёшгача бўлган футболчилар иштирокида ташкил этилаётган мазкур мусобақада Ўзбекистон, Эрон, Тожикистон ва Япония ўсмирлар жамоалари иштирок этмоқда.
Турнирнинг илк учрашувида Ўзбекистон U-16 терма жамоаси эронлик тенгқурлари билан рўбарў келди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. 72-дақиқага келиб Ризо Ганди Пур эронликларни олдинга олиб чиқди. Бироқ, асосий вақтга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда истеъдодли футболчимиз Аминбек Ёқубов ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Шу тариқа, Ўзбекистон U-16 турнирни 1 очко билан бошлади.
Эслатиб ўтамиз, хотира турнири ўйинлари пойтахтимиздаги “ЖАР”, “Пахтакор”, “Қибрай” стадионлари ҳамда "Бунёдкор" футбол академияси майдонларида ўтказилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА