Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Миллий терма жамоамиз бугун Туркманистон билан ўйнайди
09:35 / 2024-06-06

Бугун Осиё қитъасида футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш босқичи доирасида 5-тур ўйинлари ўтказилади.

Ушбу турда «E» гуруҳидан ўрин эгаллаган Ўзбекистон миллий терма жамоаси «Бунёдкор» стадионида Туркманистонга қарши ўйин ўтказади. Тошкент вақти билан соат 19:30да бошланадиган ушбу учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса қора либосда майдонга тушади. Туркманистон термаси эса яшил либосда баҳс олиб боради.   

Ҳозирда, Сречко Катанец қўл остидаги терма жамоамиз ҳисобида 10 очко бор ва бу натижа билан 2027 йилги Осиё кубоги ҳамда 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқич йўлланмасини қўлга киритган. Шунингдек, рақиб жамоа Туркманистон эса Ҳонг Конг билан бир хил 1 очко жамғарган ҳолда юқоридаги икки мусобақа билан хайрлашган. Мазкур гуруҳ пешқадами Эрон ҳисобида ҳам 10 очко мавжуд ва терма жамоамиздан голлар ҳисобига кўра олдинда бормоқда.   

Хабарингиз бор, 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгилаган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратган. Ҳозирда давом этаётган Жаҳон чемпионатининг иккинчи босқичи 11 июнь куни якунланади ва унда 3-босқичга йўл олган 18 та жамоа номи аниқ бўлади.   

Бу 18 жамоа навбатдаги босқичда ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинади ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.  

Осиё саралаш гуруҳларидан учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради. Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар “ЖЧ-2026” йўлланмасини қўлга киритади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.  

Умид қиламизки, Ўзбекистон терма жамоаси ёрқин ўйинларини намойиш этган ҳолда учинчи босқичда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.   

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА