Футбол: Миллий терма жамоамиз бугун Дубайда ўйнайди
Хабарингиз бор, айни кунларда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида халқаро ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда.
Мазкур йиғин давомида Фабио Каннаваро бошчилигидаги мураббийлар штаби томонидан терма жамоага номзод футболчиларнинг имкониятлари синовдан ўтказилмоқда. Шунингдек, уларнинг жисмоний ҳолати ва тайёргарлик даражасини мунтазам назорат қилиш режалаштирилган.
Шу боис ҳам бугун Миллий терма жамоамиз иккинчи назорат учрашувини Арманистоннинг "Урарту" клубига қарши ўтказади. Мамлакатимиз вақти билан соат 18:00 да бошланадиган ушбу баҳсда бир қатор футболчилар синовдан ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, учрашув ёпиқ эшиклар ортида бўлади.
Маълумот учун, терма жамоамиз дастлабки назорат баҳсида Хитой билан куч синашган, унда дарвозаларга 4 та гол урилган ва томонлар 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА