Футбол: Мамлакат кубоги финалчилари номи маълум
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогида ярим финал баҳслари ўтказилди. Унда "Насаф" ўз майдонида "Динамо" жамоасини 2:1 ҳисобида енгди. Ушбу учрашувда мезбонлар вакили Азизбек Амоновнинг икки голига Воҳид Оқбўтаев бир голи билан жавоб берди.
Мамлакат кубогининг иккинчи ярим финали Олмалиқда ўтказилди. "ОКМК" мезбонлик қилган ўйинда "Навбаҳор" мағлуб бўлди.
Аниқроғи шиддатли тарзда ўтган учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди. Қўшимча бўлимларда ҳам ҳисоб ўзгармади. Пенальтилар сериясида эса омад "ОКМК" жамоасига кулиб боқди –4:3.
Энди мамлакат кубоги финалида "Насаф" ва "ОКМК" бош соврин учун кураш олиб боради. Мазкур ўйин 12 ноябрь куни Қаршидаги “Марказий” стадионда бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА