Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: мактаб лигаси қайси ҳудудларда ўтказилади
18:52 / 2021-08-18

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб футбол маҳорат мактаблари тарбияланувчилари ўртасида “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини ўтказиш белгиланган.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг август-сентябр ойларида Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида мазкур лиганинг республика финал босқичи ўтказилади, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Наманган ва Хоразм вилоятларидаги мусобақалар 20-25 август кунлари ташкиллаштирилса, Тошкент шаҳрида иккита ёш тоифасидаги баҳслар 6-11 сентябрь ҳамда 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. 2004 йилда туғилган ёш футболчилар Наманганда, 2007 йил таваллуд топганлар Хоразм вилоятида ғолиблик учун куч синашади. Пойтахтимиздаги 2006 йилда туғилган болалар “футбол спектакл”лари эса 6-11 сентябрь ва 13-18 сентябрь кунлари (2005 йилда таваллуд топганлар) ўтказилади.

Бугун “Профессионал футбол мактаблари лигаси”нинг финал босқич мусобақаларини юқори савияда ташкил этишга бағишлаб ўтказилган йиғилишда минтақавий босқичда йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама этилди. Болалар-ўсмирлар турнирлари учун қайдномаларнинг электрон тизимини жорий этиш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, ОФК мусобақалари тажрибасини болалар-ўсмирлар футболида ҳам амалиётга жорий этиш орқали турнирлар савиясини ошириш талаби илгари сурилди.

Учта ҳудудда ўтадиган мусобақаларнинг масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди. Хусусан, стадионлардаги шароит, ҳакамлик, карантин талабларига риоя қилиш ва яна бир қатор йўналишлар юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Тадбир сўнггида “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақасининг республика босқичи учун қуръа ташланди.

Т.Рўзиев, ЎзА