Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: кутилмаган натижаларга бой тур
10:32 / 2019-09-16

Дам олиш кунлари Ўзбекистон суперлигасида 19-тур ўйинлари ўтказилди.


Дам олиш кунлари Ўзбекистон суперлигасида 19-тур ўйинлари ўтказилди. Таъкидлаш керак, мазкур турда бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди.

Мавсумни омадсиз бошлаган “Қўқон-1912” жамоаси ниҳоят 2-даврага келиб ўз ўйини ва услубини топиб олган кўринади. Боиси, сўнгги турларда қўқонликларни асло тўхтатиб бўлмаяпти. Кеча Азиз Тўхтабоев шогирдлари мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказишаётган “Бунёдкор” футболчиларини ҳам аяб ўтиришмади ва йирик – 3:0 ҳисобида ғалабага эришди. Эътиборлиси, Вадим Абрамов шогирдларини жорий мавсум “Пахтакор”, “Насаф”, “Сурхон” каби жамоалар ҳам икки тўп фарқидан ортиқ ҳисобда енгишолмаганди. Шу маънода 19-тур қаҳрамонлари шубҳасиз қўқонликлар бўлишди, десак муболаға қилмаймиз.

Futbol-Loko-Metall (4).jpg

Турнинг марказий ўйини эса Наманганда, мухлислар билан лиқ тўла стадионда ўтиб, унда маҳаллий “Навбаҳор” жамоаси чемпионат пешқадами “Пахтакор”ни қабул қилди. Бир муддатлик танаффусдан кейин “Навбаҳор”га яна Андрей Канчельскиснинг бош мураббий сифатида қайтиши ишқибозларни ҳам стадионга қайтарди. Аммо, таркиб ва тажриба бобида бугун барча рақибларидан устун бўлган “шерлар” Наманганда ҳам мезбонларни ранжитди. Достон Ҳамдамов томонидан киритилган ягона гол “Пахтакор”га ғалаба тақдим этиш билан бирга Шота Арвеладзе шогирдларини чемпионлик сари яқинлаштирди.

Futbol-Loko-Metall (5).jpg

“Локомотив” эса Самвел Бабаян бошқарувида ўз ўйини ва услубини тополмаётганга ўхшаб кўринмоқда. Бундай фикр юритишимизнинг боиси, Бабаян қўл остида темирйўлчилар қайд этаётган натижалар жамоа мақсадларига мос келмаяпти. 19-турда улар ўз майдонида “Металлург” билан очколарни баҳам кўришди ва натижада пешқадам “Пахтакор” билан фарқ янада йириклашди. Бу кетишда “шерлар” кейинги турдаёқ чемпионлик масаласини расман ҳал қилиши мумкин.

Futbol-Loko-Metall (7).jpg

19-тур ўйинларида қайд этилган натижалар:
“Андижон” – “Сўғдиёна” – 0:0
“Бухоро” – “Сурхон” – 0:2
“Қизилқум” – “Насаф” – 0:0
АГМК – “Динамо” – 3:1
“Қўқон-1912” – “Бунёдкор” – 3:0
“Навбаҳор” – “Пахтакор” – 0:1
“Локомотив” – “Металлург” – 1:1

Чемпионатда 53 очко билан “Пахтакор” пешқадамлик қилаётган бўлса, “Локомотив” 36 очко билан 2-ўринда бормоқда. 3-4-ўринларни эса 31 очкодан жамғарган “Бунёдкор” ва “Сўғдиёна” клублари банд этиб туришибди.