Футбол: Клублар ўртасида жаҳон чемпионати қаерда ўтади?
Америка Қўшма Штатлари футбол бўйича клублар ўртасидаги 2023 йилги жаҳон чемпионатини ўтказишга даъвогарлар сафига киритилди. Ушбу қарорга ФИФА айни масалада Абу-Даби амирлиги ва Хитой билан келишувга эриша олмагач келган. Бу ҳақда insidethegames.biz сайти маълум қилди.
Халқаро футбол федерациялари уюшмаси мазкур чемпионат ўтказилиши борасида ҳали расмий ахборот эълон қилмаган. Норасмий манбаларга кўра, келгуси йил 6 февралда бошланадиган мазкур нуфузли турнирда, анъанага биноан, ҳар бир қитъа конфедерациясидан амалдаги чемпион иштирок этади.
Яна бир эътиборли ҳолат: АҚШ Канада ва Мексика билан бирга 2026 йилги жаҳон чемпионатини ҳам ташкил этади.
ФИФА президенти Жанни Инфантино мундиалнинг Америка қитъасига қайтиши "чинакам глобаллашиш” сари қўйилажак муҳим қадам эканига умид билдирган.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА