Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун кимларнинг имконияти юқори?
17:53 / 2026-02-06

Футбол –ҳамиша кўпчиликнинг эътибор марказида бўлиб келган мавзу. Шу боис, жорий йил океан ортининг учта мамлакатида ўтадиган навбатдаги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган жамоаларга қизиқиш ҳар қачонгидан ҳам юқори.

Миллионлаб спорт мухлислари орзиқиб кутаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлаётгани билан бирга, катта масъулият юклаётганини қалбан ҳис этиб турибмиз.

Хўш, дунёнинг энг кучли 48 та миллий терма жамоалари иштирокида ташкил этиладиган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркиби қай кўринишда бўлади? Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган терма жамоа либосини қайси футболчилар кийишга муносиб?

Бугун ушбу мавзу ва унинг теграсидаги ўнлаб масалалар футбол мухлису мутахассисларни томонидан кенг муҳокама этилаётгани ҳам аслида Ватан шаънини муносиблар ҳимоя қилишига қаратилганидан далолат, дейиш мумкин.

Шу ўринда айтиш лозим, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда яшил майдонда борини бериб ҳаракат қилган, бу йўлда фидойилик кўрсатган барча футболчиларимиз миллий терма жамоа либосига ҳар жиҳатдан муносиб эканлигини таъкидлаган ҳолда жамоанинг асосий “ядро” таркиби халқаро майдонларда ўтказилаётган ўйинларда ўзини кўрсатаётган 6-7 нафар маҳоратлилар ҳисобига деярли маълум эканини кўпчилик ишқибозлар юрак-юрагидан ҳис этиб турибди.

Шундай вазиятда миллий терма жамоа бош мураббий Фабио Каннаваро таркибни ёш истеъдодлар билан тўлдириш, янги номларни кашф этиш иштиёқи билан изланишлар олиб бораётганини ҳам айтиб ўтди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизматига берган интервьюсида Каннаваро футболчининг неча ёшга киргани муҳим эмаслигини, истеъдоди ва жангчи сифатидаги феъл-атвори асосий ўрин тутишини, маҳорат эгаси 17-19 ёшда тайёр бўлса, миллий жамоага жалб қилиниши кераклигини, ҳар қандай талант эгаси ёши билан боғлиқ ҳолда U-21, U-23 жамоаларида қолиб кетмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, мураббий қайсидир ўйинни кўргани борса, бу шунчаки ташриф эмас, балки футболчининг ҳаракатини ўз кўзи билан ҳақиқий вазиятда кўриш эканлигини таъкидлаб, “Ўйинни жонли кўришга ҳеч нарса етмайди. Уйда ўтириб бир нечта видеони кўриш мен учун зерикарли. Стадионга бориб футболчини бевосита кузатгим келади, чунки кичик деталларни видео орқали кўра олмайсиз. Айнан ўша майда жиҳатлар кейинчалик муҳим бўлиб чиқади", дея фикр билдирган.

Шунингдек, бош мураббий Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Бирлашган Араб Амирликларида ўтказган ўқув-йиғини тўғрисида тўхталиб: "Охирги 4 ой давомида ички чемпионатдаги кўплаб ўйинларни кузатдик. Футболчиларни кўрдик. Дубайда ўтган бу йиғин бевосита улар билан ишлаш имкониятини тақдим этди. Футболда ҳамма нарса тез ўзгаради, жароҳатлар бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун барча футболчиларда имконият борлигини тушунишлари керак”, дея мазкур йиғиннинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.  

Дарҳақиқат, бугун миллий чемпионатимизда, чет мамлакатларнинг жамоаларида фаолият кўрсатаётган футболчиларимизнинг барчасида миллий жамоа таркибидан жой олиш имконияти борки, ўз истеъдоди, бетакрор ҳаракати билан миллионлаб футбол фанатларини лол этиш баробарида мутахассислар назарига тушса бас, яшил чироқлар янги-янги муваффақиятларга йўлдош бўлиши тайин.

Яна бир муҳим жиҳат. Яқинда ЎФАнинг навбатдаги ҳисобот-сайлов конгрессида Ўзбекистон футбол ассоциацияси раиси Баҳодир Қурбонов футболдаги коррупция ва рақамлаштириш ишлари ҳақида сўз юритиб, “коррупция омили Ўзбекистон футболида йўқ бўлса, эртанги кунда халқаро майдонда давлатимиз байроғини, ўзбек ғурурини, миллатини намойиш қиладиган спортчиларни етиштиришда муваффақиятга эришамиз”, дея таъкидлади.

Айни ташаббус асосида мамлакатимиз футболида амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат ички чемпионат даражасини юксалтиришга, балки халқаро майдондаги омадли юришларимизга, хусусан жаҳон чемпионатидаги кўрсаткичларимиз янада яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА