Куни кеча Осиё қитъасида футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати ва 2027 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш босқичи 6-тур ўйинлари ўтказилди.
Мазкур саралашда энг яхши натижа қайд этган 18 та жамоа – Ўзбекистон, Австралия, БАА, Баҳрайн, Япония, Эрон, Жанубий Корея, Қатар, С.Арабистони, Ироқ, Иордания, Ўмон, Хитой, Фаластин, Қирғизистон, КХДР, Индонезия ва Қувайт Жаҳон чемпионатининг учинчи босқичига йўл олди.
Энди ушбу терма жамоалар “ЖЧ-2026” саралашининг 3-босқичида ўзаро рақобатлашади. Аниқроғи, 27 июнь куни бу босқичга қуръа ташланади ва жамоалар 3 гуруҳга бўлинади.

Айни пайтда, қуръадан олдин саватчалар қуйидагича кўриниш олган:
1-сават: Япония, Эрон, Ж.Корея
2-сават: Австралия, Қатар, Ироқ
3-сават: С.Арабистони, Ўзбекистон, Иордания
4-сават: БАА, Ўмон, Баҳрайн
5-сават: Хитой, Фаластин, Қирғизистон
6-сават: КХДР, Индонезия, Қувайт
Шу ўринда яна бир маълумотни эслатиб ўтмоқчимиз. 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.

Жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичи 5 сенятбрь кунидан бошланиши кутилмоқда. Ушбу босқичда 18 жамоа ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинади ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.
Гуруҳларда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6 та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради. Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар “ЖЧ-2026” йўлланмасини қўлга киритади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА