Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Илк турдаги аччиқ сабоқ
17:45 / 2026-02-28

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасининг янги мавсуми тантанали руҳда бошланди.

Бироқ байрамона кайфият Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси учун узоққа чўзилмади. Илк турда “Андижон”га қарши учрашувдаги 0:4 ҳисобидаги мағлубият оддий йўқотиш эмас, балки жамоада тўпланиб қолган тизимли муаммоларнинг очиқ ифодаси бўлиши мумкин.

Беш йилдирки, “Сўғдиёна” чемпионатни муваффақиятсиз бошлаб келмоқда. Бу сафарги мағлубият нафақат ҳисоб, балки ўйин мазмуни жиҳатидан ҳам ташвишли кўринди. Илк тур ҳар доим мавсум учун руҳий ва тактик пойдевор вазифасини ўтайди. Айнан шу босқичдаги йирик мағлубият жамоа руҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши табиий.

Ўйин таҳлили шуни кўрсатадики, муаммо аввало ҳимоя чизиғида. Позицион хатолар, ўзаро тушунишнинг етишмаслиги ва оддий вазиятлардаги бепарволик рақибга қулай имкониятлар яратиб берди. Дарвозабон Никола Миркович ҳал қилувчи эпизодларда жамоани қутқариб қола олмади. Бироқ барча айбни дарвозабон зиммасига юклаш адолатдан эмас — ҳимоявий тизим яхлит механизм сифатида ишламади.

Ярим ҳимояда ҳам барқарорлик кузатилмади. Жамоа сардори Жавоҳир Қаҳрамонов иштирок этган вазиятда тўпни ортиқча ушлаб туриш оқибатида иккинчи гол ўтказиб юборилди. Замонавий футбол тезкор қарор ва аниқ ҳаракат талаб қилади. Бир лаҳзалик кечикиш бутун жамоа меҳнатини йўққа чиқаради.

Ҳужум чизиғидаги муаммолар ҳам яққол кўринди. Бўйи 2 метрдан баланд бўлган Фейсал Мулич майдонда ўз устунлигини намоён эта олмади. Демак, гап фақат ижрочиларда эмас, балки тактик ечимларда. Жамоа ҳужумни ташкил этиш, стандарт вазиятлардан фойдаланиш ва қарши ҳужумларда тезкорлик борасида етарли даражада ишламагани сезилди.

Анталия йиғинидаги назорат учрашувларида қайд этилган бир қатор мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқарилмагани ҳам кўриниб турибди. Бош мураббий Иван Бошкович ва мураббийлар штаби тайёргарлик жараёнини қайта кўриб чиқиши лозим. Чунки илк турдаги ўйин жамоа мавсумга тўлиқ шай эмаслигини очиқ кўрсатиб берди..

Албатта, “Андижон” 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ бу натижани фақат рақибнинг устунлиги билан изоҳлаш тўғри эмас. Кўпроқ “Сўғдиёна”нинг ўзи намойиш этган паст савияли ўйин ҳал қилувчи омилга айланди.

Футболда “Жўжани кузда санаймиз” дейилади. Тўғри, чемпионат энди бошланди ва бирор жамоа ўйинидан якуний хулоса чиқариш ноўрин. Аммо дастлабки ўйинлар жамоанинг ички ҳолатини яққол кўрсатиб беради. Агар ҳимоявий интизом кучайтирилмаса, тактик ёндашув қайта кўриб чиқилмаса ва жамоавий уйғунлик таъминланмаса, бу мағлубият тасодиф эмас, давомий муаммога айланиши мумкин.

Илк тур “Сўғдиёна” учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Энди энг муҳим вазифа — тўғри хулоса чиқариш ва навбатдаги ўйинларга мутлақо бошқача руҳ ҳамда сифат билан чиқишдир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА