Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Бугун Ўзбекистон кубоги финал учрашуви ўтказилади
10:24 / 2025-10-29

Бугун, 29 октябрь куни Андижон шаҳридаги "Бобур Арена" стадионида футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви ташкил этилади. Унда "Бухоро" ва "Пахтакор" клублари ўзаро баҳс олиб боради.

Маҳаллий вақт билан соат 18:30 да бошланадиган ушбу ўйинда  Найим Қосимов бош ҳакам сифатида фаолият олиб боради. Унга қанотларда Зуфар Элибоев ва Фарҳод Усмонов ёрдам берса, Тимур Тўхтасинов захира ҳаками этиб тайинланган. Ҳакамларни Бахтиёр Намозов назорат қилади. VAR бўйича Аскер Нажафалиев жавобгарликни ўз зиммасига олади. Унга Анвар Маражабов ассистентлик қилади. Ўйин комиссари этиб Жалолхон Иноғомхўжаев тайинланган.

Шу ўринда Ўзбекистон кубоги финали иштирокчиларига оид бази статистик маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ҳозиргача жамоалар кубокда 6 ўйин ўтказишган. Улардан 4 тасида "Пахтакор", 2 тасида бухороликлар зафар қучган. 13 та тўп киритган "шерлар" 5 тўп ўтказиб юборган. 1996 йил гуруҳда 2:0, 2008 йил нимчорак финалда 2:0 ва 6:3, 2009 йил чорак финалда 3:0 ҳисобида пойтахт клуби ғолиб бўлган. 2016 йилги баҳсларда "Бухоро" 1:0 ҳисобларида устун келган.

"Пахтакор" 4 йиллик танаффусдан кейин яна финал баҳсида майдонга тушади.  

Мамлакат кубогида "Пахтакор" клуби ўз тарихида 18-бор ўйнаётган бўлса, “Бухоро” ушбу босқичда илк маротаба қатнашади.

"Пахтакор" кубок финалларида энг кўп иштирок этган жамоа саналади. "Шерлар" шу кунга қадар ўтган 17 та финал учрашувларининг 13 тасида кубок соҳибига айланган. Шунингдек, “Пахтакор” жамоасидан ташқари Ўзбекистон кубогида энг кўп ғолиб бўлган клублар орасида "Бунёдкор", "Насаф", "Нефтчи" жамоалари бор.

Финал баҳсларида кетма-кет учта тўқнашув "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасида 2007, 2008 ва 2009 йилларда, 2018, 2019 ва 2020 йилларда эса "Пахтакор" ва ОКМК ўртасида ўтказилган. Финалларда энг кўп кузатилган қарама-қаршилик "Пахтакор" ва "Нефтчи" тўқнашуви бўлган. Бу жамоалар жами 5 марта Ўзбекистон кубоги финалида баҳс олиб борган. "Пахтакор" - "Бунёдкор", "Пахтакор" - ОКМК, "Пахтакор" - "Насаф" ва "Бунёдкор" - "Насаф" эса учтадан финалларда рўпара келган.

Кетма-кет финалларда иштирок этиш бўйича рекорд "Пахтакор"га тегишли. Тошкент шаҳрининг бош жамоаси 2001 йилдан 2009 йилгача 9 финалда қаторасига майдонга тушган. Иккинчи натижа "Бунёдкор"га тегишли бўлиб, бу клуб 2007-2010 йилларда қаторасига 4 финалда ўйнаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги Ўзбекистон кубогининг финалида "Андижон" ва "Навбаҳор" тўқнаш келган бўлиб, унда “Андижон” 3:2 ҳисобида зафар қучган.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА