Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувлари бугун старт олади.
Жумладан, ушбу турнинг илк кунида соат 21:45 да «Барселона» – «Олимпиакос», «Кайрат» – «Пафос», 23:59 эса «Юнион» – «Интер», «Копенгаген» – «Боруссия Дортмунд», «Байер» – «ПСЖ», «Вильярреал» – «Манчестер Сити», «Арсенал» – «Атлетико Мадрид», «Ньюкасл» – «Бенфика» ва «ПСВ» – «Наполи» жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.


Албатта, ушбу тўқнашувлар орасида «Байер» – «ПСЖ» ва «Арсенал» – «Атлетико Мадрид» клублари ўртасидаги ўйин марказий дея эътироф этилмоқда. Бироқ, ўзбек футбол ихлосмандлари учун «Вильярреал» – «Манчестер Сити» рақобати катта қизиқиш билан кузатилишига шубҳа йўқ.
Шу боис ҳам ушбу учрашув ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Бу икки клуб Европа чемпионлар лигасида бор йўғи 2 маротаба тўқнаш келган бўлиб, 2011 йилда ўтган баҳсларда «Манчестер Сити» 3:0 ва 2:1 ҳисобларида устун келган.
Бу йилги ЕЧЛ мусобақасида «Манчестер Сити» биттадан ғалаба ва дуранг қайд этиб, 4 очко билан 8-ўринда бораётган бўлса, «Вильярреал» бир мағлубият ва дуранг эвазига 1 очко жамғариб, 26-ўринда қолмоқда.

Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш Хосеп Гвардиола жамоаси учун энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам Испанияда бўладиган учрашувда «Вильярреал»га қарши «Манчестер Сити» ҳужумкор ўйин ўтказиши кутилмоқда.
Таркиб борасида эса «шаҳарликлар»нинг бир неча футболчиси жароҳатдан қутулиб, яна жамоа ихтиёрига қайтди. Шунга қарамай, Хосеп Гвардиола жамоасида иккита катта йўқотиш бор. Афсуски, Родри Эрнандес ва ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов «Вильярреал»га қарши баҳсда жамоага ёрдам бера олмайди.
«Вильярреал» – «Манчестер Сити» ўртасидаги учрашув 21 октябрдан 22 октябрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 23:59 да бошланади.
Дарвоқе, 22 октябрь куни соат 21:45 да «Галатасарай» – «Буде-Глимт», «Атлетик» – «Қорабоғ», соат 23:59 да эса «Бавария» – «Брюгге», «Челси» – «Аякс», «Реал Мадрид» – «Ювентус», «Айнтрахт Франкфурт» – «Ливерпуль», «Аталанта» – «Славия Прага», «Спортинг Лиссабон» – «Марсель» ва «Монако» – «Тоттенхэм» жамоалари ўзаро рақобатлашади
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА