English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Аргентина – Ўзбекистон “дуэли” умидлар гуллашига ишончни мустаҳкамлади
09:39 / 2023-05-21

Орзиқиб кутилган чемпионат бошланди. Аргентина футбол майдонларида 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк кунги гуруҳ ўйинларида “А” гуруҳида Аргентина – Ўзбекистон, Янги Зеландия – Гватемала, “Б” гуруҳида АҚШ – Эквадор ва Фижи – Словакия жамоалари ўртасида учрашувлар ўтказилди.

Жаҳон чемпионатиннг очилиш маросимидаги Аргентина – Ўзбекистон терма жамоалари ўйини дунё футбол мухлислари қатори, мамлакатимиздаги миллионлаб ишқибозлар диққат марказида турди. 
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Отабек Боймуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов, Пўлатхўжа Холдорхонов, Беҳрузбек Асқаров, Умарали Раҳмоналиев, Шерзод Эсонов, Зафармурод Абдираҳматов, Аббос Файзуллаев, Диёрбек Ортиқбоев, Маҳмуджон Маҳамаджанов ҳамда захирадан ўйинга тушган Шаҳзод Акрамов, Нодирбек Абдураззоқов, Рустам Турдимуродов билан чемпионатнинг илк баҳсини ўтказди. 
Ушбу ёш тоифасида олти марта жаҳон чемпионлигига эришган Аргентина жамоаси билан кечган учрашувнинг 22 - дақиқасида терма жамоамиз аъзоси Маҳмуджон Маҳамаджанов Ўзбекистонни олдинга олиб чиқди. Аммо, 27- дақиқада Алехо Велиз ҳисобдаги фарқни тенглаштирди – 1:1. Ўйиннинг 41- дақиқасида Валентин Карбони голи эвазига мезбонлар 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Ушбу ҳолат иккинчи бўлимда ўзгаришсиз қолди. 

Айтиш лозимки, 37233 нафар томошабин гувоҳлигидаги Осиё чемпиони Ўзбекистон ва жаҳон чемпиони Аргентина ўртасидаги ўйин ҳар жиҳатдан қизиқарли кечди. Юртимиз ёш футболчилари гарчи кичик ҳисобда имкониятни бой берган бўлса-да, мусобақанинг энг кучли жамоасига муносиб қаршилик кўрсатди. Қайсидир нуқталарда аргентиналикларни шошириб ҳам қўйди. Бу натижада ҳам акс этди. Демак, умидларимиз гуллашига ишонсак бўлади. 
Бу ишонч 23 май куни Янги Зеландияга қарши ўйинда тўлиқ оқланади, деган илинждамиз. 
Учрашувдан сўнг журналистларга интервью берган терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўйин сифати, йигитларнинг руҳий ҳолати, ҳужумни якунига етказиш масалаларида сўз юритиб, “Баҳс деярли тенг курашлар остида кечди. Рақибда ҳам кўп вазият бўлмади, бироқ улар руҳий устунликка эга бўлганлиги боис кичик вазиятлардан унумли фойдаланди. Йигитларимиздаги ҳаяжон қайсидир маънода ўйинга таъсир кўрсатди. Кўп ҳолларда имкониятларни кўкка совурдик. Ушбу ўйиндан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Ўйин жиҳатдан олиб қарасак, дуранг адолатли натижа бўларди”, дея билдириб ўтган. 

Чемпионтнинг қолган учрашувларига тўхталадиган бўлсак, “А” гуруҳидаги Янги Зеландия – Гватемала учрашуви 0:1 ҳисобида якунланди.  “Б” гуруҳидаги АҚШ – Эквадор ўйинида 1:0, Фижи – Словакия учрашувида 0:4 ҳисоблари қайд этилди. 
Дастлабки ўйинлар сарҳисобига кўра, “А” гуруҳида 3 очкога эга Аргентина ва Гватемала жамоалари пешқадамлик қилмоқда. “Б” гуруҳида эса 3 очкодан жамғарган Словакия ҳамда АҚШ жамоалари етакчи. 
Жаҳон чемпионатининг бугун, 21 май кечки пайти ва эрта, 22 май тунда бўлиб ўтадиган учрашувларида “Д” гуруҳида Бразилия–Италия, Нигерия–Доминикан Республикаси, “С” гуруҳида Сенегал–Япония, Исроил–Колумбия жамоалари рўбарў келишади. 

Эслатиб ўтамиз,  гуруҳ босқич ўйинлари 29 майга қадар давом этади. 30 май – 1 июнь кунлари 1/8, 3-4 июнь кунлари 1/4, 8 июнь куни ярим финал, 11 июнда учинчи ўрин учун ҳамда 12 июнь куни чемпионатнинг финал баҳслари бўлиб ўтади. 

Т. РЎЗИЕВ, ЎзА