Наманганда азалдан футболни севиб ардоқлашади. Мамлакат суперлигаси ва кубоги мусобақаларида, халқаро майдонларда Ўзбекистон довруғини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган “Навбаҳор” жамоаси ўйинларини томоша қилиш учун стадион мухлислар билан доимо гавжум бўлади.
“Халқаро футбол куни” муносабати билан Наманган давлат университети Ижтимоий фанлар факультети ва Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамкорлигида вилоятда етишиб чиққан ва самарали фаолият юритган футболчиларнинг фаолияти ҳамда қўлга киритган ютуқларини ўзида акс эттирган, шунингдек, “Навбаҳор” клуби тарихига бағишланган “Наманган футболи афсоналари” номли кўргазма ташкил этилди.


Кўргазмада бир қатор ҳамкор ташкилотлар, хусусан Наманган футбол ассоциацияси, вилоят спорт фахрийлари кенгаши вакиллари иштирок этди. Унда НамДУ маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича биринчи проректори, сиёсатшунослик фанлари доктори Наримон Деҳқонов ҳамда Усмон Асқаралиев, Шокиржон Қорабоев, Файзулло Ҳасанов, Шуҳрат Мирхолдиршоев каби таниқли футбол намояндалари ҳам қатнашди.


Тадбирда Наманганга футболнинг кириб келиш тарихи, дастлабки жамоаларнинг ташкил топиши, вилоятда етишиб чиққан етакчи чарм тўп усталари билан боғлиқ суратлар намойиш этилди. Иштирокчилар учун кутилмаган, энг қизиқарли жиҳати шунда бўлдики, ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга оташнафас шоир ва моҳир таржимон Усмон Носир юртимизда илк бор тузилган “Ўзбек терма жамоаси” таркибида фаолият юритгани ва наманганлик илк терма жамоа аъзоси сифатида тарихга киргани ҳақидаги маълумот барчада катта таассурот қолдирди.

Иштирокчилар тадбир ташаббускори Наманган давлат университети ўқитувчиси Акмалжон Тўрақуловга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, университет маънавий хазинасидан жой олган кўргазмани янада бойитиш юзасидан “Навбаҳор” клубининг матбуот хизмати томонидан амалий ёрдам берилиши таъкидланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.