Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол: Абдуқодир Ҳусанов жамоаси беш йил кутилган ғалабага эришди
10:57 / 2026-02-09

Футбол бўйича Англия Премьер-лигасининг 25-тури доирасидаги сўнгги учрашувда амалдаги мамлакат чемпиони «Ливерпуль» ҳамда «Манчестер Сити» жамоалари ўзаро тўқнаш келди.

«Энфилд» стадионида бўлиб ўтган мазкур баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни бошланғич таркибда бошлаб, 61 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. Беллашув давомида рақиб ҳужумчисининг зарбасига халақит бериш чоғида футболчимиз юзига "МС" дарвозабони Жанлуижи Доннарумманинг тиззаси тегди. Шифокорлар ёрдамидан сўнг ўзига келган легионеримиз ўйинни давом эттиришга тайёр эканини билдирганига қарамасдан, бош мураббий Хосеп Гвардиола уни эҳтиёт қилиш мақсадида захирага олди.

Ушбу ҳолатдан кейин, 74-дақиқада Доминик Собослаининг аниқ зарбаси эвазига мезбонлар ҳисобни очди. Орадан 10 дақиқа ўтиб Бернарду Силва мувозанатни тиклади. Учрашув якунланиши арафасида эса Эрлинг Холанд пенальтидан фойдаланиб, ғалаба голини киритди.

Қайд этиш жоизки, баҳс давомида Абдуқодир Ҳусанов 30 марта тўпга тегди, 24 та узатмани амалга оширди ва уларнинг 22 таси аниқ манзилга етиб борди. 61 дақиқа ҳаракат қилган футболчимиз ўйини “Sofascore” портали томонидан 6,6 балл билан баҳоланди.

Шу тариқа, «Манчестер Сити» сўнгги беш йил ичида илк бор «Ливерпуль» жамоасини ўз майдонида мағлуб этди. Аниқроқ айтганда, Хосеп Гвардиола шогирдларининг «Энфилд»даги сўнгги ғалабаси 2021 йил 7 февраль кунига тўғри келади. Ўшанда АПЛнинг 23-тур баҳсида «шаҳарликлар» 4:1 ҳисобида зафар қучган эди.

25-тур якунларига кўра, лига жадвалида «Арсенал» 56 очко билан пешқадамлигини сақлаб қолган бўлса, «Манчестер Сити» 50 очко билан иккинчи поғонада бормоқда. «Астон Вилла» 47 очко эвазига кучли учликдан жой олган. Шунингдек, «Манчестер Юнайтед» (44 очко) ва «Челси» (43 очко) 4-5-поғоналарни эгаллаб турибди.

«Ливерпуль» ва «Брентфорд» жамоалари 39 очкодан тўплаб, 6-7-ўринда қайд этилган. «Эвертон» (37 очко) ҳамда «Сандерленд» (36 очко) 8-9-поғоналардан жой олган. 34 очкодан жамғарган «Фулхэм» ва «Борнмут» жамоалари голлар нисбатига кўра, мос равишда 10 ва 11-ўринларни банд этаётир. Шунингдек, «Ньюкасл» (33), «Кристал Пэлас» (32) ва «Брайтон» (31) кейинги ўринларда бормоқда.

Жадвалнинг қуйи қисмида эса «Тоттенхэм» ва «Лидс Юнайтед» (29 очкодан), «Ноттингем Форест» (26), «Вест Хэм» (23), «Бернли» (15) ҳамда «Вулверхэмптон» (8) жамоалари 15-20-поғоналарни эгаллаб турибди.

Англия Премьер-лигасининг 26-тур баҳслари 11-13 февраль кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги учрашувлар режалаштирилган:

11 февраль:

«Челси» – «Лидс»,

«Эвертон» – «Борнмут»,

«Тоттенхэм» – «Ньюкасл»,

«Вест Хэм» – «Манчестер Юнайтед».

12 февраль:

«Астон Вилла» – «Брайтон»,

«Кристал Пэлас» – «Бернли»,

«Манчестер Сити» – «Фулхэм»,

«Ноттингем Форест» – «Вулверхэмптон»,

«Сандерленд» – «Ливерпуль».

13 февраль:

«Брентфорд» – «Арсенал».

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА