Футбол бўйича Осиё миллий терма жамоалари жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг 3-раунди биринчи ва иккинчи турларини ўтказганлиги сабабли эълон қилинган навбатдаги FIFA кунлари якунига етиб, Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳслари давом эттирилди.
Куни кеча 18-турнинг икки учрашуви бўлиб ўтди.
Ушбу тур доирасида Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилган бўлса, Тошкентда “Пахтакор” Фарғонининг “Нефтчи” жамоаси билан баҳс олиб борди.

Қаршида “Қизилқум” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги ўйиннинг биринчи бўлими тенг курашлар остида ўтди. Гарчанд ҳар иккала жамоа аъзоларида ҳам ҳисобни очиш учун бир қатор имкониятлар бўлган бўлсада, футболчилар ушбу вазиятларни голга айлантира олмади. Натижада ўйиннинг биринчи бўлимида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолинди ва жамоалар 0:0 ҳисобида танаффусга чиқди.

Иккинчи бўлимда майдон эгаси мақомида тўп сурган “Қизилқум” жамоаси ҳужумлар сонини бирмунча ошириб меҳмонлар жарима майдончаси яқинида босимни оширган бўлса, жиззахликлар анча хавфли бўлган қарши ҳужумга таяниб тўп сурди.

Мезбонлар бош мураббийи Жамшид Саидов жамоаси таркибида бир қатор ўзгаришларни амалга оширгач, “Қизилқум” ўйинида ҳужумлар сони ортди. Ўйиннинг 73-дақиқасида Муҳаммадали Ғиёсов жамоадоши Илҳом Ваҳобовнинг узатган тўпини тўхтатмасдан жиззахликларнинг легионер посбони Милан Митрович қўриқлаётган дарвозага ажойиб зарба билан жойлаб қўйди – 1:0.
Ўтказиб юборилган голдан сўнг “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович жамоасидаги 5-ўзгаришга қўл урди ва ўйиннинг 83-дақиқада Умидбек Султонов ўрнига Самандар Синдаров майдонга туширилди. Шундан сўнг жамоанинг ҳужумлари янада жиддийлашди.

Ўйин бош ҳаками Найим Қосимов томонидан учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 4 дақиқанинг 90+3-сида “Сўғдиёна”нинг тажрибали футболчиси Олег Зотеев легионер жамоадоши Люпчо Дориев узатган тўпни боши билан дарвозанинг олис бурчагига йўллаб ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа “Қизилқум” – “Сўғдиёна” жамолари ўртасидаги учрашув 1:1 ҳисоби билан якунига етди.
– Биз учун ўйин анча қийин кечди, – деди “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович ўйиндан кейинги матбуот анжуманида. – Мезбонлар бизга бутун учрашув давомида қаттиқ қаршилик кўрсатди. Иккинчи қаватда уриниб кўрдик, “Қизилқум” ҳаводан келган тўпларга ҳам яхши тайёргарлик кўрган экан. Ҳужумларимизнинг иккинчи темпи у қадар ёрқин чиқмади. Шундай бўлса ҳам биз жамоавий футбол намойиш этиб, ҳисобни тенглаштирдик. Ҳозир ҳар бир очко муҳим. Навбатдаги учрашувлар олдидан бугунги ўйинда йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида ишлаймиз.

Матбуот анжуманида “Бугунги натижадан сўнг жамоангизнинг чемпионлик пойгасидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?” деган саволга меҳмонлар бош мураббийи “Насаф” чемпион бўлади деб ҳозирдан айта олмаймиз, чунки бу футбол ва футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кичик бўлсада имконият борми, демак ундан фойдаланишга ҳаракат қилишимимиз шарт”, дея жавоб берди.
Шу куни Тошкентда бўлиб ўтган “Пахтакор” – “Нефтчи” учрашувида нурсиз дуранг – 0:0 ҳисоби қайд этилди.
18- турнинг марказий учрашуви бугун Наманганда “Навбаҳор” ва турнир жадвали якка пешқадами “Насаф” ўртасида бўлиб ўтади. Шунгдек, бугун Самарқандда “Динамо” Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини қабул қилади. Қолган учрашувлар 15 ва 16 сентябрь кунларига белгиланган.
Турнир жадвалини ҳозир 38 очко билан Қаршининг “Насаф” жамоаси бошқариб бормоқда. 2-поғонада бораётган Олмалиқнинг ОКМК клубида 32, Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида 31 очко бор. Бекободнинг “Металлург” клуби 10 очко билан турнир жадвалининг сўнгги – 14-поғонасида бормоқда.
А.Қаюмов,
ЎзА