French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Футбол – 17-тур: “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” – 1:1
17:24 / 2025-08-07

Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионда футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган марказий баҳсда “Навбаҳор” ҳамда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари ўзаро куч синашди.

Мавсумлар давомида ушбу икки жамоа мамлакат чемпионати доирасида 59 марта тўқнаш келган. Шуларнинг 28 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган, 23 учрашувда “Сўғдиёна”нинг қўли баланд келган. Яна 8 учрашувда ҳисоб тенг бўлган. Тўплар нисбати 98:70 ҳисобида наманганликлар фойдасига. Учрашувда ҳар икки жамоа ғалаба учун курашди. Мураббийлар матбуот анжуманларида қайд этганидек, ўйин мазмунли кечди, аммо натижа иккаласи учун ҳам қониқарли бўлмади.

“Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушчаннинг таъкидлашича, машғулотларда тўлиқ иштирок этмаган 7–8 нафар футболчи асосий таркибда майдонга тушмоқда. Бу ҳолат, албатта, натижага таъсир қиляпти. Баъзилар бир ойдан буён ҳеч қандай тайёргарликсиз келган.

Лушчаннинг фикрича, ҳозирги шароитда олинган дуранг ҳам ижобий натижа ҳисобланади. У шунингдек, ёшларга ишониш ва уларни майдонга олиб чиқишдан бошқа чора йўқлигини ҳам очиқ тан олди.

“Сўғдиёна” эса бу баҳсда айни пайтда тактик жиҳатдан яхшироқ кўриниш беришга муваффақ бўлди. Жамоа иккинчи таймда ташаббусни ўз қўлига олди, тўпни назорат қилишда устунлик қилди ва жавоб голини урди.  

Жиззахликлар устози Иван Бошкович бу ҳақда қуйидагича фикр билдирди.

– Бошида ўйин қовушмади, кейин эса сифати ошиб, тўпни назорат қилишни бошладик. Рақиб кучли эди, лекин биз охиригача курашдик. Сафардаги дурангни ижобий баҳолайман. Бошкович шу билан бирга, ҳужумда самарадорлик етишмаётганини тан олиб, вазиятларни голга айлантириш устида иш олиб борилаётганини қайд этди.

Ўйин давомида вазиятлар тенг кечди. Биринчи бўлимда “Навбаҳор” фаол ҳаракат қилган бўлса, иккинчи таймда “Сўғдиёна” устунликни қўлга киритди. Турнир жадвалида учинчи ўрин учун кураш олиб бораётган “Навбаҳор” учун ушбу дуранг муҳим очко йўқотилиши бўлди.  

“Сўғдиёна” эса ушбу дуранг билан чемпионатнинг қолган қисмига янада ишонч билан тайёргарлик кўришни давом эттирмоқда. 1:1 ҳисобидаги натижа ҳар икки жамоа учун ҳам ўзига хос сабоқ бўлди. “Навбаҳор”да ички муаммолар ва таркибдаги ўзгаришлар таъсири сезилса, “Сўғдиёна”да вазиятлардан фойдаланиш масаласи ҳали ечилмаган.

Футбол — бу натижа ўйини. Аммо ушбу баҳс шуни кўрсатдики, Суперлигада аниқ режа, сабр ва босқичма-босқич ишлаш муваффақият гаровидир. Мусобақада ҳали 13 тур қолган. Демак, ҳаммаси олдинда.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири