Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 23 январь куни ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатда 37 та “оғир” туман бўлиб, уларни ривожланган туманлар қаторига қўшиш вазифасини қўйган эди.
Шу асосда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳам аҳоли даромадини ошириш, иш ўринлари яратиш ва ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Халқ депутатлари Фурқат туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳоким Элёрбек Асронқулов “оғир” туманлар тоифасидан чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан мурожаат қилди.

Унга кўра, 34 та маҳаллани янгича ёндашувлар асосида жадал ривожлантириш режалаштирилган, ҳудудий инвестиция дастури доирасида саноат соҳасида 79 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 65 та, қишлоқ хўжалигида 36 та лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, бўш турган бино ва майдонларни тадбиркорларга бериш, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш белгиланган.

Айни пайтда 219 миллион долларлик хорижий инвестициялар пакети шакллантирилган бўлиб, 140 миллион долларлик 9 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилган.
Бюджет маблағлари ҳисобидан 238,2 миллиард сўм ажратилиши орқали 672 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 20 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, электр энергияси ва сув таъминотини яхшилаш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш бўйича тадбирлар амалга оширилади. “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш режалаштирилган 5 та маҳалла учун 46,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Туман ҳокими мазкур вазифаларни тўлиқ амалга ошириш орқали Фурқат туманини “оғир” туманлар рўйхатидан чиқариш мумкинлигини ва албатта бу вазифа бажарилишини айтди.

Сессияда сўзга чиққанлар ҳар бир лойиҳа чуқур таҳлил қилиниб, аниқ режа асосида сарфланган маблағлар манфаат келтириши, муносиб даромад олиб келиши муҳимлигига эътибор қаратди. Туманда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг лойиҳа таклифларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди.
Шундай қилиб, вазифалар белгиланди, энди уларни бажариш қолди... Фарғона вилоятининг ҳозиргача иқтисодий заиф бўлган Фурқат тумани “оғир” тоифадан чиқадими, буни вақт ва натижа кўрсатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА