Куз-қиш мавсуми кириши билан аҳолининг газ, электр энергияси ва коммунал хизматларга эҳтиёжи ошади. Айрим ҳолларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши мумкин, аммо қонун ва суд органлари орқали адолатли қарорлар қабул қилинади.
Қашқадарё вилояти Косон туманлараро фуқаролик судида кўриб чиқилган ишда истеъмолчининг қарийб 12 миллион сўм нореал қарздорлиги бекор қилинди. Судда далолатномалар истеъмолчи иштирокисиз ва расмий асосга эга бўлмагани аниқланди.
Жумладан, Косон туманида яшовчи Азимжон Ғаниевнинг аризаси қондирилиб, 11 миллион 16 минг 246 сўм қарздорлик қайта ҳисобланди ва почта харажати учун 41 минг 200 сўм ҳам ундириб берилди.
Куз-қишда истеъмолчи қуйидагиларга эътиборли бўлиши лозим: газ ҳисоблагичи ҳолати ва муҳрларини назорат қилиш, далолатнома тузилганда шахсан иштирок этиш, асоссиз қарздорликка рози бўлмаслик, қонун йўли билан мурожаат қилишдан тортинмаслик.
Шу билан бирга, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳам қонун талабларига риоя қилиши ва ҳисоб-китобларда шаффофликни таъминлаши шарт.
Қашқадарё вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш ва қонунбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишда фаолиятни давом эттиради.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири