Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаронинг мурожаати адолатли ҳал этилди
16:11 / 2026-01-07

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарларга ишлаб чиқарувчи томонидан кафолат муддати белгиланиши шарт.

Мазкур муддат давомида ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи товарнинг, шу жумладан, унинг бутловчи қисмларининг нормал ишлашини таъминлаши лозим. Агар кафолат даврида товарда нуқсон ёки носозлик аниқланса, истеъмолчи қонун билан кафолатланган бир қатор ҳуқуқларга эга бўлади. Жумладан, нуқсонли товарни сифатлисига алмаштириш ёки тўланган пул маблағини қайтариб олиш ҳуқуқи шулар жумласидандир.

Мурожаатда қайд этилишича, Қашқадарё вилояти Муборак туманида яшовчи фуқаро Ч.М. тумандаги савдо мажмуаларидан биридан 14 миллион сўм қийматидаги юк ташиш мотоциклини нақд пул эвазига харид қилган. Аммо хариддан кўп ўтмай, техник восита ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолатга келган.

Фуқаро мазкур ҳолатни ҳал этиш мақсадида савдо мажмуаси раҳбариятига оғзаки тарзда мурожаат қилган. Аммо унинг мурожаати эътиборсиз қолдирилиб, муаммони бартараф этиш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шундан сўнг, фуқаро ўз қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Муборак тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат жамоатчилик асосида, фуқаро иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилди. Олиб борилган ўрганишлар натижасида истеъмолчининг талаби тўлиқ асосли экани аниқланди. Натижада, жамият ходимларининг бевосита аралашуви билан нақд пул эвазига харид қилинган 14 миллион сўмлик носоз юк ташиш мотоцикли учун тўланган маблағ фуқарога тўлиқ ҳажмда нақд тарзда қайтариб берилди.

Ушбу ҳолат яна бир бор шуни кўрсатадики, ҳар бир фуқаро ўз истеъмолчилик ҳуқуқларини яхши билса, қонунчиликда белгиланган имкониятлардан тўғри фойдаланса ва зарурат туғилганда тегишли ташкилотларга мурожаат этса, мавжуд муаммоларни қонуний ва адолатли тарзда ҳал этиш мумкин.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири