Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларида демократик ўзгаришлар амалга оширилишида фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур ҳуқуқий база яратилди.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямиздан фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида 13-бобнинг ўрин олиши ва улар фаолиятининг кафолатланиши жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Масалан, янгиланган Конституциямизда илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилиб, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий шериклик муносабатларини янада ривожлантиришга эътибор берилди. Хусусан, ижтимоий лойиҳалар ва давлат дастурларида иштирок этувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини ошириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид мақсадлар белгилаб қўйилди.
Ушбу ислоҳотларнинг самарасини мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ва давлат томонидан уларга ажратилаётган маблағлар миқдори ошаётганлигида, жамиятимизда муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти институтлари ўзларининг ижтимоий лойиҳалари билан фаол қатнашаётганлигида кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритаётган бўлиб, улар Олий Мажлис ва Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ташаббус ва ижтимоий лойиҳалари давлат ижтимоий буюртмаси, грант ва субсидиялар доирасида рағбатлантирилиши уларнинг жамиятдаги ролини оширишга хизмат қилмоқда.
Масалан, биргина ўтган 2023 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан вилоятдаги миллий маданий марказлар ва савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси фаолияти учун 4 миллиард сўмдан ортиқ субсидия маблағлари йўналтирилган бўлса, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фонди томонидан маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидия шаклида 3 миллиард 560 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари 2024 йилда ҳам давом эттирилиб, улар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида жорий йилда маҳаллий бюджетдан 3 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ, Олий Мажлис жамоат фонди томонидан 3 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган.
Ушбу маблағларнинг аксарияти давлат субсидияси доирасида фаолият юритувчи Савдо- саноат палатаси вилоят бошқармаси, вилоятдаги 4 та миллий маданий марказ, Ногиронлар ассоциацияси, “Карлар”, “Жисмоний имконияти чекланган шахслар” ва “Кўзи ожизлар” жамиятларининг вилоят, туман ва шаҳар бўлинмаларининг самарали фоалияти учун йўналтирилган.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлис ва Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фондлари томонидан турли грант танловлари ўтказиб, молиялаштирилаётган лойиҳалар сони ошиб бормоқда.
Масалан, 2022 йилда Парламент ва маҳаллий жамоат фондлари маблағлари ҳисобидан 16 та грант, 4 та давлат ижтимоий буюртма лойиҳаси амалга оширилган бўлса, 2023 йилда 21 та ННТ грант, 2 та ННТ давлат ижтимоий буюртма лойиҳасини амалга оширган.
Мазкур лойиҳаларнинг кўпчилиги аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, одам савдоси ва коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш масалаларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 9 та грант ва 1 та давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси қўлга киритилган.
Вилоятдаги фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари юқоридаги лойиҳалари доирасида аҳолининг турли ижтимоий муаммоларини ечишда давлат органларига яқин кўмакчи бўлмоқда.
Мазкур жараёнлар, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ижобий натижа бермоқда.
Юқоридагилардан ташқари фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини яратиш, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йил 26 августда “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу фармон ижроси доирасида эндиликда парламент ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий лойиҳалари манзилли қўллаб-қувватланиб, бюрократик тўсиқларга чек қўйилади.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грант ва ижтимоий буюртма лойиҳаларини молиялаштириш билан боғлиқ жараёнлар учун электрон платформанинг йўлга қўйилиши ўтказиладиган танловлар шаффофлигини таъминлаш ҳамда адолатли бўлишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, фармонга кўра, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қатор ижобий механизмлар жорий этилмоқда.
Масалан, эндиликда ҳар йили давлат органлари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади ва ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.
Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари кўмагида жойлардаги аҳолини қийнаб турган муаммоларни яқиндан ўрганиш, улар ечимига оид таклифлар ишлаб чиқиш, тўсиқсиз жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳамда манзилли ижтимоий буюртмалар лойиҳаларини самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини миқдори БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз тўғридан-тўғри молиялаштириш тартибининг жорий этилиши, грант лойиҳалари доирасидаги ишларда даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилиши нодавлат нотижорат ташкилотларининг моддий-молиявий аҳволини яхшилайди.
Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқмоқда. Уларнинг янада фаол ва ташуббускор бўлиши давлат ва жамият бошқарувидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради.
Қолаверса, ижтимоий шериклик институтини янада ривожлантириш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг яратилиши, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ўзаро ишончли ва тенг манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали жамоатчилик бошқарувини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Санжарбек ТАНГРИБЕРГЕНОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА