Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 августда қабул қилинган «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдори 15 миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача оширилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдори икки бараварга камайтирилган ҳолда ундирилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур фармон мазмун-моҳиятига бағишланган семинарда шулар ҳақда сўз борди.
– Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – деди қўмита раиси Ш.Бафаев. – Хусусан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан сўнги етти йилда 718 млрд. сўм ажратилди. Кейинги 7 йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудда «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари» ташкил этилди. Сўнгги 3 йилда эса ҳудудий фондлар орқали 83 млрд. сўмлик 1600 та лойиҳа амалга оширилди. Мазкур фармон янги таҳрирдаги Конституция, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг узвий ижросини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилгани билан эътиборга молик.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат билан ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган механизмлар жорий этилди. Унга кўра, ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади. Шунингдек, давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилди.
Семинарда сўз олганлар мазкур фармон билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасида қатор янги ислоҳотлар назарда тутилаётганини таъкидлади. Хусусан, парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланиши, бюрократияга чек қўйилиши қайд этилди. Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилиши алоҳида эътироф этилди.
Муҳокамалар якунида мазкур фармон мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА