“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш Концепцияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқди. Таъкидланганидек, ушбу концепция Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг мантиқий давоми сифатида очиқлик, шаффофлик ва фуқаролик жамияти бошқаруви моделини шакллантиришни мақсад қилади.
2016 йилдан буён амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, 2023 йилги Конституциянинг қабул қилиниши, рақамли жамият ривожи ҳамда БМТ, ОECD, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар тавсиялари фуқаролик жамиятини ривожлантиришни стратегик вазифага айлантирди. Шу боис Концепциянинг қабул қилиниши бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб, унинг бош мақсади кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш орқали инсонпарвар, очиқ давлат бошқарувига эришишга қаратилган. Ҳужжат таълим, ижтимоий ҳимоя, экологик сиёсат, тадбиркорлик, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги каби соҳаларда давлат-жамият шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Концепцияда нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит яратиш, жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш, давлат дастурлари ва стратегияларини ишлаб чиқиш жараёнларига ННТларни жалб этиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантириш, рақамли фуқаролик жамиятини шакллантириш каби устувор ташаббуслар акс этиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз, – деди Элдор Туляков.
Шундан келиб чиқиб, Концепциянинг самарали амалга оширилиши билан қатор натижаларни бериши кўзда тутилмоқда. Хусусан, ҳар бир давлат органи, жумладан, маҳаллий бўғинларда ННТлар билан ишлаш бўйича самарали амалиёт ва платформалар шаклланади. Давлат дастурлари ва стратегияларини ишлаб чиқишда ННТлар иштирокининг аниқ институционал механизми яратилади. Давлат бюджети муҳокамаларида фуқаролик жамияти иштироки кенгаяди ҳамда тўлиқ очиқ маълумотлар экотизими йўлга қўйилади. Шунингдек, ННТларнинг ижтимоий лойиҳалардаги улуши ошади.
Юқорида қайд этилганидек, фуқаролик жамияти – бу жамоатчиликнинг фикри ва фуқаролар фаоллигига асосланган сиёсий тизим. Қабул қилиниши режалаштирилаётган Концепция “Очиқ давлат – фаол фуқаро” моделини шакллантиришда, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан жамоатчилик кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ННТларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, давлат грантлари тизимини ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшларнинг фуқаролик жамиятидаги фаоллигини ошириш каби масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, муҳокама жараёни ННТлар фаолиятидаги муаммо ва эҳтиёжларни аниқлаш, уларнинг ҳуқуқий ва институсионал салоҳиятини ошириш учун амалий таклифларни ишлаб чиқишга замин яратади. Тадбир жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ҳамкорлик маданиятини ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан жамоат ташкилотлари, давлат органлари ва бошқа фуқаролик институтлари ўртасида самарали мулоқот ва ҳамкорлик платформасини шакллантириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича миллий стратегияда ННТларнинг ўрни, вазифалари ва масъулиятини аниқ белгилаш, концепцияни амалга ошириш жараёнида шаффофлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, шунингдек, қабул қилиниши кўзда тутилган мазкур ҳужжатнинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини баҳолашга хизмат қиладиган амалий таклиф ва механизмларни ишлаб чиқиш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА