Муносабат
Фарғона водийси ҳар жиҳатдан қулай географик ҳудудда жойлашган. Қирғизистон ва Тожикистон билан чегарадошлиги эса бу ерда яшовчи халқларга умумий тарих, қардошлик ва маданий ришталарни ҳамиша эслатиб туради.
Кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган янги очиқлик ва ҳамдўстлик сиёсатининг амалий натижаси сифатида Фарғона водийси тобора ҳамкорлик рамзига айланиб бормоқда. Бу жараёнда давлатлар ўртасидаги мулоқот билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштироки катта аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода ҳудудлараро хавфсизлик, чегараолди аҳолилар ҳамжиҳатлиги, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларида муносабатлар изга тушди.
Шу ўринда Фарғона шаҳрида ўтган биринчи “Фарғона тинчлик форуми” минтақавий ҳамжиҳатлик йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Форумга 500 дан ортиқ меҳмон, хусусан, Марказий Осиё, МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларидан 300 дан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди. Тадбирнинг асосий ғояси Фарғона водийсини ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш бўлди.
Форумда давлат органлари билан бирга ёшлар, аёллар, маҳалла фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбир ҳақиқий “халқ дипломатияси” майдонига айланди.
Форум якунида қабул қилинган коммюникеда “Фарғона водийси — Марказий Осиё барқарорлиги ва консолидациясининг кўзгуси” экани таъкидланди. Ушбу ҳужжатда минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар стратегик, кенг қамровли ва кўп қиррали эканлиги таъкидланди.
Мамлакатларни шериклик ва иттифоқчилик ришталари боғлаб туради. Бу давлатлар ва ҳукуматлар, шунингдек, парламентлар, минтақалар ва фуқаролик жамияти ўртасида узлуксиз ва кўп даражали мулоқотни давом эттиришни талаб қилади.
Учрашувни Фарғона, Сўғд ва Боткен чегараолди вилоятлари раҳбарлари қўл бериб, яна бир бор мустаҳкамлади. Минтақада барқарорликни сақлаш ва изчил тараққиётни таъминлаш йўлида саъй-ҳаракатлар бирлашмоқда.
Кейинги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар Фарғона водийсида ҳам самара бермоқда. Жумладан, ҳудудда ННТлар учун қулай муҳит яратилди. Халқаро грант лойиҳаларини жалб этиш имкониятлари кенгайди. Очиқ мулоқот маданияти кучайди.
Бу жараёнда халқаро ташкилотлар – Saferworld, GIZ, БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи ва ЮНЕСКО фаол ҳамкорлик қилмоқда. Улар қўллаб-қувватлаётган лойиҳалар маҳаллий жамоаларнинг салоҳиятини ошириш, айниқса, аёллар ва ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган.
Тегишли дастурлар чегараолди ҳудудларда ишонч муҳитини мустаҳкамламоқда. Юзага келадиган ҳар қандай масалани тинч йўл билан ҳал этиш маданиятини шакллантирмоқда. Масалан, БМТ Тараққиёт дастури ташаббуси билан ўтказилган медиация тренинглари натижасида Фарғона, Андижон ва Наманган маҳаллаларидаги фаоллар воситачилик сертификатига эга бўлишди.
Яна бир жиҳат, Фарғона водийси Марказий Осиёнинг иқтисодий интеграция ва туризм марказларидан бирига айланиб бормоқда. Мисол учун Ахсикент, Қува, Мингтепа каби тарихий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг “Фарғона–Сирдарё коридори” рўйхатига киритилган. Бу эса минтақавий туризмни ривожлантириш учун янги имкониятлар очмоқда.
Маҳаллий жамоалар иштирокидаги туризм концепцияси тинчликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Жумладан, Фарғонадаги туроператор ўз саёҳат маршрутига Ўшдаги ҳунарманд устахонасини киритса, бу нафақат иқтисодий фойда, балки икки халқни боғловчи маданий кўприкка айланади.
GIZ қўллаб-қувватлаётган “Фарғона водийси жамоавий туризм тармоғи” ташаббуси маҳаллий ҳунармандлар ва оилавий меҳмон уйлари аҳолининг даромад манбаини кенгайтириб, миллий маданиятни асраб қолишга хизмат қилади.
Бу борада “Фарғона водийсининг Олтин ҳалқаси”, “Наврўз - Марказий Осиё қалбида” каби лойиҳалар ҳам давлатлар даражасида трансчегаравий туризм ташаббусларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Инсон капиталини ривожлантириш ва ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш барқарор тараққиётнинг кафолатидир. ЮНЕСКОнинг “Ёшлар ижтимоий бирдамлик йўлида” лойиҳаси доирасида эса мактаб ўқувчилари учун глобал фуқаролик, медиасаводхонлик ва тинчлик маданияти бўйича дастурлар жорий этилди.
Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаган “Фарғона водийсида дўстлик кўприклари” форуми эса уч давлат ёш етакчиларини бир майдонга тўплаб, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга замин яратди. Бунинг амалий намунаси сифатида ўзбекистонлик “Ҳамроҳ” ННТси ва Ўш давлат университети қошидаги медиация маркази ҳамкорликда этник ва гендер мулоқотни ривожлантирувчи грант лойиҳани амалга оширди.
Бундай ташаббуслар ёшлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, йиллар давомида шаклланиб қолган салбий стереотипларни йўқотишга ёрдам беради ҳамда тинчлик ва тотувлик маданиятини қарор топтиради.
Хулоса қилиб айтганда, фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотлар минтақавий барқарорлик ва ишонч муҳитини яратишда асосий кучга айланмоқда. Улар нафақат ижтимоий лойиҳаларни амалга оширмоқда, балки чегараолди ҳудудларда мулоқот, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамламоқда.
Сайёра АСРАНОВА,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари
миллий ассоциацияси бош мутахассиси.
ЎзА