Президентимизнинг шу йил 16 февралдаги ПФ-22-сон фармони билан “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури қабул қилинди. Мазкур ҳужжат кенг кўламли ислоҳотлар ижросини таъминлашга, балки давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги институционал асослар орқали ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлат дастурида барча соҳалар каби фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлашга оид аниқ вазифалар белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокида сув ресурсларини тежаш маданиятини шакллантириш, уй хўжаликларида томорқадан унумли фойдаланишни ривожлантириш каби аниқ вазифаларнинг белгиланиши фуқаролик жамиятининг ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги амалий иштирокини кучайтиришга қаратилган.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди молиявий кўмаги ва маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида амалга ошириладиган мазкур ташаббуслар ННТларни инновацион ечимларни жорий этувчи ва ижтимоий таъсир яратувчи субъект сифатида намоён этади. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, тажриба майдончаларини ташкил қилиш орқали экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган тизим шакллантирилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 83-мақсадида мамлакатни эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ҳабга айлантириш вазифаси қўйилган. Бу йилги давлат дастурида фуқаролик жамияти институтлари учун мулоқот майдонларини яратиш, хайрия ташкилотлари ва жамғармаларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини замонавий механизмлар орқали таъминлаш, уларни ташкил этиш тартибини соддалаштириш каби чора-тадбирларнинг белгиланиши шаффофлик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мажбурий аудит, ҳисобдорлик ва очиқлик тамойилларининг жорий этилиши эса фуқаролик жамиятининг институционал барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Дастурда халқаро майдонда ҳам фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ташаббуслар назарда тутилган. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан таъсис этилган Халқаро демократия куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ташкил этиш режаси бу борада муҳим қадамдир. Форум доирасида минтақадаги ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этишда фуқаролик жамияти иштирокини муҳокама қилиш, ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суриш ҳамда қўшма резолюция қабул қилиш орқали демократик ислоҳотлар соҳасида ташаббусларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Албатта, фуқаролик жамиятини ривожлантириш инсон капитали билан чамбарчас боғлиқ. Давлат дастурида нуфузли халқаро рейтингдаги ТОП-500 олий таълим муассасаларини тамомлаган ёш мутахассисларни ННТ секторига жалб қилиш, уларнинг маошига жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу эса тизимга юқори малакали кадрларни жалб этиш, бошқарув маданияти ва лойиҳавий ёндашувни шакллантиришга ёрдам беради.
Яна шуни айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида “Ижтимоий таъсирлар ва нотижорат ташкилотларни бошқариш” бўйича қисқа муддатли курсларни жорий этиш, уларда ННТлар ходимларининг малакасини ошириш, ўқиш харажатларининг 50 фоизлик қисмини жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қоплаш механизми соҳада долзарб бўлиб турган кадрлар салоҳияти билан боғлиқ масалалар ечимини таъминлаш имконини яратади.
Бундан ташқари, давлат ижтимоий буюртмаси ва аутсорсинг механизмлари орқали ННТларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши фуқаролик жамиятини давлат тизимига интеграция қилишда муҳим аҳамиятга эга. Республика бюджетидан маблағ ажратишда давлат ижтимоий буюртмаси учун мажбурий квоталар белгилаш, айрим давлат функцияларини босқичма-босқич ННТларга ўтказиш, самарадорликни баҳолаш асосида механизмларни такомиллаштириб бориш – буларнинг барчаси “ҳамкорликка асосланган бошқарув” моделини жорий этади.
Ўз навбатида, мазкур жараён орқали давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш имконияти яратилади.
Давлат дастурида тадбиркорлик субъектларининг корпоратив ижтимоий масъулиятини рағбатлантириш орқали ННТларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш назарда тутилмоқда. Хайрия, корпоратив бадаллар ва даромад келтирадиган тадбирлар орқали ННТларни қўллаб-қувватлаётган субъектларга имтиёзлар бериш орқали бизнес ва фуқаролик жамияти ўртасида барқарор ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, демократик жараёнлар ва фуқаролик жамияти ривожи ҳақида телерадио маҳсулотлар тайёрлаш орқали аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга хизмат қилувчи ахборот сиёсати юритилади. Бу орқали аҳолида демократик қадриятлар тушунчаси, ҳуқуқий онг ва сиёсий фаоллик даражаси юксалиб, ислоҳотларда жамоатчилик иштироки ошади.
Энг муҳими, давлат дастурида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Унда ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш, ННТ вакилларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, давлат органлари билан муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш каби устувор йўналишлар назарда тутилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, 2026 йил давлат дастури фуқаролик жамияти институтларини давлат ислоҳотларидаги стратегик ҳамкор сифатида мустаҳкамлашга қаратилган ва бу борадаги амалий механизмлар белгилаб берилган. Бу эса давлат ва жамият ўртасида очиқ, шаффоф ҳамда ўзаро масъулиятга асосланган ҳамкорлик моделини изчил қарор топтиришга хизмат қилади.
Баҳром Эшқуватов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА