Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштироки кучайтирилмоқда
14:26 / 2022-10-11

Конституциянинг бир қатор моддаларига фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда аҳоли иштирокини кучайтиришга қаратилган янги қоидалар киритилиши таклиф этилмоқда.

Аслида фуқаролик жамияти институтларининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими Анвар ЭМИНОВ шу каби саволларга жавоб беради.

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичида фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституциявий қонун лойиҳасида ҳам асосий Қонунимизга фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, давлат бошқаруви ва жамият ҳаётида аҳолининг турли қатламлари иштирокини кучайтиришга қаратилган бир қатор янги қоидалар киритилиши назарда тутилган. Жумладан, Конституциянинг 56-моддасига давлатнинг фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг иштирокини кучайтиришга қаратилган вазифаларини белгилаш таклиф этилмоқда.

— Аслида фуқаролик жамияти институтларининг жамият ҳаётидаги иштироки моҳиятан нималарда намоён бўлади?

 Кўплаб хорижий давлатлар амалиётида бўлганидек, Ўзбекистон қонунчилигида ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллалар, сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, нодавлат оммавий ахборот воситалари, хайрия ва диний ташкилотлар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.

Фуқаролик жамиятисиз замонавий давлатчиликни тасаввур қилиш мумкин эмас. Кучли фуқаролик жамияти демократик давлатнинг муҳим белгиси бўлиб, аҳоли турли қатламлари манфаатларини самарали ҳимоя қилиш имконини беради. Фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаол иштироки фуқаролик жамиятининг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 2017 йилги ҳисоботида фуқаролик жамияти институтлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, камбағалликни қисқартириш, глобал очликнинг олдини олиш каби муаммоларни ҳал этишда муҳим восита сифатида эътироф этилган. Чунки ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтлари катта салоҳиятга эга.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, ривожланган давлатларнинг 3-9 фоизгача ялпи ички маҳсулоти фуқаролик жамияти институтлари томонидан яратилади. Масалан, бу кўрсаткич АҚШ ва Бельгияда 5, Канадада деярли 8 фоизни ташкил этади.

Европа Иттифоқи давлатларида меҳнат қобилиятига эга аҳолининг 5-15 фоизи «Учинчи тармоқ» деб аталадиган фуқаролик жамияти институтларида фаолият юритади. Бугун ижтимоий йўналишларга жамоат ташкилотлари томонидан давлат ташкилотларига нисбатан уч баробар кўпроқ инвестициялар жалб қилинади. Фуқаролик жамияти вакилларининг 60 фоизи ижтимоий ҳимоя ва тиббий ёрдам, шунингдек, таълим соҳаларида хизмат кўрсатади.

Сўнгги йилларда юртимизда фуқаролик жамияти институтлари ривожланишининг янги даври бошланди, деб айтишимиз мумкин. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси доирасида замонавий демократик талабларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди, нодавлат нотижорат ташкилотларининг мавқеини кучайтириш, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга қаратилган ўнлаб янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти фармони билан тасдиқланган 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш ва ажратиладиган маблағ миқдорини 70 миллиард сўмга етказиш вазифаси белгиланган.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Жамоатчилик назорати институти жамиятнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда.

Фуқароларнинг «Очиқ бюджет» жараёнидаги иштироки БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган камбағалликни қисқартириш, гендер тенглигига эришиш, тенгсизликни қисқартириш сингари вазифаларни ҳал қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари сони ошиб, уларнинг турли соҳалардаги долзарб масалаларни ҳал қилишда иштироки кучайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, 2016 йили мамлакатимизда 8700 та нодавлат нотижорат ташкилотлари рўйхатга олинган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг сони 10300 дан ошган, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 547 та жамоат ташкилоти рўйхатга олинган.

Мисоллардан кўриниб турганидек, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Шу муносабат билан амалдаги Конституциямиз қабул қилинган даврда юртимизда атиги 95 та жамоат ташкилоти фаолият юритган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида асосий эътибор миллий давлатчиликни шакллантириш, жамиятда барқарорликни сақлаш, турли соҳалардаги жараёнлар устидан давлат назоратини ўрнатиш, шу орқали долзарб муаммоларни ечишга қаратилган эди, чунки давр тақозоси шуни талаб қилганди.

Бироқ, фуқаролик жамияти институтлари ривожланмаган бундай шароитларда давлат назоратининг бир томонлама кучайиши ижтимоий-иқтисодий жараёнларга давлат органлари аралашувининг кенгайиб бориши, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари билан жамоатчилик ўртасида конструктив мулоқотнинг йўқолиши сингари бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқаргани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Албатта, бундай шароитда давлат фуқаролик жамияти фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифасини ўз зиммасига олиш имконига эга эмас эди.

Бугунга келиб фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида эришилган ижобий натижаларни Конституция даражасида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш имкониятлари юзага келди, бу эса, ўз навбатида, истиқболдаги юксак мақсадларга эришиш учун ишончли ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди. Энг муҳими, уларнинг фаолиятини субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.



ЎзА