Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Фуқаролик жамияти – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
– Тадбирнинг асосий мақсади – мустақиллик йилларида фуқаролик жамияти институтлари ривожи учун яратилган имкониятларни таҳлил қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ва ижтимоий шерикликдаги ролини кучайтиришдан иборат бўлди, – дейди марказнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жамшид Жўраев. – Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган демократик қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.
Маърузаларда, аввало, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари, давлат томонидан уларга яратилган ҳуқуқий ва молиявий шарт-шароитлар, грантлар ҳамда ижтимоий буюртмалар тизими ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, 1991 йилдан бугунги кунга қадар ННТлар ривожланиш босқичлари кўриб чиқилди. Хусусан, дастлабки йилларда ҳуқуқий асосларнинг йўқлиги ва моддий ресурсларнинг чеклангани сабабли юзага келган қийинчиликлар, кейинчалик қабул қилинган фармон ва қарорлар орқали тизимли қўллаб-қувватлаш чоралари, фуқаролик жамияти субъектларининг ижтимоий соҳаларда фаол иштирок этиш имкониятлари кенгайгани таъкидланди.
Тадбирда иштирокчилар савол-жавоб ва баҳс-мунозараларда қонунчиликдаги янгиликлар, жумладан, “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ижроси, Вазирлар Маҳкамасининг 288-сонли қарори ва сўнгги қабул қилинган ўзгаришлар ҳақида фикр алмашди. Шу асосда ҳудудий даражада фуқаролик жамияти фаолиятини янада ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Давра суҳбати якунида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтириш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва давлат органлари билан ҳамкорликни институционал асосда йўлга қўйишга қаратилган тавсиялар қабул қилинди. Иштирокчилар таъкидлаганидек, фуқаролик жамияти миллий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этмас экан, жамият тараққиётида тўлиқ самарага эришиш қийин. Шу боис, бу каби тадбирлар ҳудудда янги ҳамкорлик платформаси ва амалиётга йўналтирилган ёндашувлар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.