Муносабат
Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бу янги ўзгаришлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланиб, тизимли ислоҳотлар амалга оширилган эди.
Хусусан Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони, 2021 йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди. Жумладан, фармон билан 2025 йилга қадар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг асосий босқич ва йўналишларини аниқ кўрсатиб, бу борада институционал ва функционал ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилди, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи бекор қилинди.
Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида фаолият олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланиб, молиявий эркинлик берилди.
Бундан ташқари, ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялари) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти, ННТ фаолиятининг очиқлик индексининг жорий қилиниши, «Шаффоф хайрия» ягона интерактив порталининг ишга туширилиши ҳамда давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибининг соддалаштирилишини алоҳида айтишимиз мумкин.
Бу борадаги ўзгаришларга эътибор берсак, давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажми 2021 йилда жами 75 млрд. 782 млн. сўмни ташкил этган. Бу 2008 йилга нисбатан таққослаганда Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳажми 36 баробарга, 2010 йилга нисбатан 16 баробарга, 2017 йилга нисбатан 6,5 баробарга ошганлигини кўрсатади. Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 2023 йилда 226,4 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 1.3 трлн. сўмни ташкил этган. «Учинчи сектор» субъектларининг лойиҳаларига давлат бюджетидан ажратилган маблағлар миқдори 1,9 баробарга оширилишининг ўзи ҳам юртимизда чин маънода ННТ ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида ижобий муносабат пайдо бўлганини англатади. Чунки фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантирмай туриб, «инсон-жамият ва давлат» муносабатларида мулоқот диалоги шаклланмайди. Мулоқот ўрнатиш эса «Кучли фуқаролик жамияти» шаклланиб бораётганидан далолат беради.
Кадрлар, бу – стратегия
Ҳар қайси тизимни ривожлантирувчи куч, бу — кадрлар ҳисобланади. Малакали кадрларсиз соҳани юқори чўққига олиб чиқиш қийин. Кадрлар – бу стратегия. Бу борада ҳам сўнгги йилларда ННТ вакилларининг малакасини ошириш орқали уларга бошқарув кўникмасини шакллантириш, давлат ижтимоий аҳамиятига доир субсидиялар, грантларни жалб этиш мақсадида юртимизда жами 2025 йилга қадар 750 нафар ННТ раҳбарларининг Давлат бошқарув академиясида малака ошириши режалаштирилди. Бугунги кунга келиб 500 нафарга яқин ННТ вакиллари малакаси оширилди ва уларга махсус сертификатлар берилиб, бу жараён давом этмоқда…
Шу кунга қадар мамлакатимизда ННТ ҳамда фуқаролик жамияти институтларига давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби 2014 йил 25 сентябрдаги «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун ва Парламент комиссиясининг 2016 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган «Давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги низом асосида эди.
Бу борадаги жараёнларни такомиллаштириш орқали Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августда «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди.
Фармонга кўра, Олий Мажлис, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини қўшиб юбориш ва уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмаларини ташкил этиш белгиланди. Бу эса Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудларда бўлинмаларини ташкил этиш орқали ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини тинглаш, мулоқот қилиш ва қўллаб-қувватлашга имкон беради.
Шунингдек, фонд маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат бўлган парламент палаталари вакиллари ҳар йили навбатма-навбат раислик қиладиган Парламент комиссиясини тузиш, унинг фаолиятига манфаатдор вазирлик ва идоралар, фаол жамоатчилик вакилларини жалб этиш белгиланди. Бу эса, тизимда шаффофликни таъминлашга, жамиятнинг долзарб масалалари бўйича депутатлари ва сенаторлар ўртасида консенсусни ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқароларни «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш ваколатини Парламент комиссиясига ўтказиш ҳам жамиятимизда ННТ фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати – ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқот ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлашдир.

Чунки жамиятда «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»ни ўтказиш орқали марказий, ҳудудий ва туман миқёсидаги ННТ фаолияти сиёсий уйғониб, рақобат асосида такомиллашиб боради. Бу уларнинг ўз ташаббус ва ғояларини намоён этиш орқали имижини мустаҳкамлайди.
Фармонда ҳар икки йилда фонд томонидан тақдирланадиган «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофоти таъсис этилади. Бу ҳам юртимизда учинчи сектор вакилларига бўлаётган эътибордан далолат. Чунки бугунги ислоҳотларнинг барча бўғинларида «Инсон манфаатлари устувор» эканлиги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига ҳам татбиқ этилмоқда. Бу борада ҳатто, «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этилиши ҳам юксак эътиборни англатади.
Қолаверса, "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдорини ўн беш миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача ошириш ҳамда 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдори икки бараварга камайтирилган ҳолда ундириш таклиф этилмоқда. Бу ҳам ННТлар фаолиятини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг янги механизми сифатида жорий этилмоқда.
Фармон билан ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига ижтимоий буюртма бериши бўйича танловлар ташкил этиш белгиланди. Бу эса давлат ижтимоий буюртмасини давлат органи томонидан амалга оширишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилиши белгиланди.
Шунингдек, фармонда фуқаролик жамияти институтларига тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилди. Илгари айни йўналишда аниқ таъсирчан механизм йўқ эди. Бу тўғридан-тўғри «давлат органи + ННТ» ҳамкорлигини таъминлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида қайд этилган ҳужжатнинг қабул қилиниши юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг барча тизим ва тизим элементларини ривожлантириш, мустаҳкамлаш, ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради.
Усмонжон БЎТАЕВ,
«Истиқбол» тадқиқот маркази ННТ раҳбари,
сиёсий фанлар доктори, профессор