French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди
20:53 / 2024-03-27

Андижонда “Демократик ислоҳотлар жараёнларида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

– Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад жойларда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар жараёнларида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилиш, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Отахонов. – Бу борадаги тажриба ва ташаббуслар, илғор иш усулларини таҳлил қилиш орқали амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир. 

Давра суҳбатида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан жойларда ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва социал-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш, сиёсий институтлар ва сайлов тизими ривожланиши муаммолари, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти ва жамоатчилик назоратини ривожлантириш, диний бағрикенглик ва динлараро тотувликни таъминлаш йўналишларида ўрганишлар ўтказилганлиги таъкидланди.

Хусусан, жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари фаолияти ўрганилиб, таҳлил қилинган. Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, ўтказилган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан бор- йўғи тўрттагина қарор қабул қилинган. Бу эса жойлардаги муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш ва ҳал этишда сиёсий партия депутатларининг у қадар фаол эмасликларини кўрсатади. 

[gallery-16627]

Шунингдек, давра суҳбатида Марказ мутахассислари томонидан ижтимоий тармоқларда аҳоли кайфияти ва давлат идораларига бўлган муносабат, фуқаролар ва жамоавий мурожаатлар, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги масаласи, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлиги бўйича ўтказилган ўрганишлар бўйича маълумот ва хулосалар айтиб ўтилди. Умуман, ўрганиш ва таҳлиллар фуқаролик жамияти институтлари фаолиятидаги хато ва камчиликлар, эътибордан четда қолаётган масалаларни юзага чиқариб қўйди.

Давра суҳбатида ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, жамоатчилик назоратини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Иштирокчилар томонидан юқоридаги масалалар, шунингдек, айни кунда миллий мафкурамизга зид юзага келаётган ҳолатлар, сиёсий партиялар, уларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, партия гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш каби таъсирчан жамоатчилик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга оширишга давлат органлари билан бир қаторда, демократик институтлар ҳам бирдек дахлдор ва масъул эканлиги таъкидланди. Ана шундан келиб чиқиб, “Жамият – ислоҳотларнинг бош ташаббускори” ғояси асосида юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, давлат органлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. 

–- Биз давлат идораларига жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга яқиндан кўмаклашиб келяпмиз, – дейди “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Холидахон Мирзараҳимова. – Хусусан, биргина шу йилнинг ўтган даврида руҳий тушкунликка тушиб қолган, оилада турли тазйиқларга учраган  ўнлаб опа-сингилларимизга кўмаклашилди. Бу борада биз давлат идоралари – ҳокимликлар, оила ва хотин-қизлар ҳамда ички ишлар бўлимлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. 

Давра суҳбатида мутахассислар томонидан иштирокчиларга мавзу доирасидаги ишларни сифатли ва самарали амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Қатор йўналишлардаги муаммоларни ўрганиш юзасидан иштирокчилар ўртасида сўровнома ўтказилди. 

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/kIohbOuSGNE" title="Fuqarolik jamiyati institutlari faoliyatidagi muammolar tahlil qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари