Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан сўнгги йилларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди.
Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгилаб қўйилди.
– Жорий йилнинг ўзида соҳага оид 20 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси бошлиғи Парахат Турдимуратов – Хусусан, биргина 2025 йил 21 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” ги қонуни билан фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига оид 10 та қонунга ўзгартиш ва қўшимча киритилди.
Маълумки давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқаролик жамияти институтлари учун жуда муҳим ҳужжатлардан бири бўлди. Фармонга мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган. Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш, жамоатчилик назорати, уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий ва ташкилий асос яратди.
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг очиқ-ошкора ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизими жорий этилди. Шунингдек, ижтимоий фойдали лойиҳалар самарадорлигини ошириш мақсадида, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг 6 та асосий йўналиши белгилаб берилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қайта ташкил этилди. Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Сенатининг 8 нафар аъзоси ва Қонунчилик палатасининг 8 нафар депутатидан иборат Парламент комиссияси иш бошлади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг муҳим ташаббус ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.
Хусусан, жорий йилдан бошлаб, Парламент комиссияси аъзолари маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда аҳоли билан учрашувлар ташкил этган ҳолда ижтимоий соҳа ва маҳаллалардаги аниқ муаммоларни ўрганиб, уларни манзилли ҳамда самарали ҳал этишга қаратилган давлат гранти ва ижтимоий буюртма танловларини эълон қилди. Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, уларга давлат грантлари ва субсидиялар ажратиш жараёнларини шаффоф электрон платформа орқали амалга ошириш тизими жорий этилди.
Фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш мақсадида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони бериладиган бўлди. Ҳар икки йилда бир марта фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти жорий этилди. 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасидан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони ва “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофотига номзодларнинг ҳужжатлари тақдим этилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида фуқаролик жамияти институтлари ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Парламент комиссиясининг қарорларига мувофиқ, 2025 йил учун жамоат фонди ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида, жами 19 та фуқаролик жамияти институтининг лойиҳаси ғолиб бўлди ва жами 1 миллиард 774 миллион сўмга молиялаштирилди. Шундан давлат гранти асосида молиялаштирилган 14 та лойиҳа тўлиқ якунланди.
Шуни айтиб ўтишимиз керакки, лойиҳалар самарадорлиги ўтган йилга нисбатан анча ошган. Масалан, 2024 йил давомида 18 лойиҳа амалга оширилиб, ҳар бир лойиҳа доирасида 15-20 нафаргача фуқаронинг муаммолари асосида касбга ўқитиш, ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлаш каби масала ҳал этилган бўлса, жорий йилда Президентимизнинг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлат грантлари манзилли тарзда аҳолининг ижтимоий аҳамиятга эга ва долзарб масалалари ўз ечимини топмоқда. Ҳар бир лойиҳа доирасида 2 минг 500 нафаргача аҳолининг кўп йиллар давомида ўз ечимини кутаётган муаммолари ижобий ечимини топмоқда.
Хусусан, Шуманай туманининг "Бирлешик" овул фуқаролар йиғини аҳолисининг бандлигини таъминлаш мақсадида 2 та насос ва қуёш панели ўрнатилди. Шунинг натижасида ҳудуддаги 205 та хонадоннинг ва шу туманнинг "Қорабойли" овул фуқаролар йиғинида 2 та насос ўрнатилиб, 120 та хонадоннинг томорқа ерларини суғориш учун шароит яратилди. Шунингдек, давлат гранти асосида аҳоли саломатлигини яхшилаш бўйича амалга оширилган лойиҳалар доирасида Шуманай туманининг Мамий маҳалласида яшовчи 38 ёшли фуқаронинг ва Наврўз маҳалласида яшовчи 2 ёшли боланинг жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, саломатлиги тикланди. Бугунги кунда Қонликўл тумани "Маданият" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг жарроҳлик амалиёти учун 37 миллион сўм маблағ ўтказиб берилмоқда.
Хўжайли тумани "Қирқинчи" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларда жами 3,7 км масофага 93 дона, Элликқалъа тумани "Барҳаёт" маҳалласининг 3 кўчасига 51 дона тунги ёритиш чироғи, қуёш панеллари ўрнатилди. Маҳаллалардаги нуронийлар, болалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг тунги вақтларда ҳам хавфсиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратилди. Қонликўл тумани “Олтинкўл” овул фуқаролар йиғинининг 25 та хонадони тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Нукус шаҳридаги “Шарқ” маҳалла фуқаролар йиғинида болалар майдончаси қуриб битказилди. Хўжайли тумани "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам болалар майдончаси қайта таъмирлаб берилди.
Нукус тумани "Саманбай" овул фуқаролар йиғини аҳолисини сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида давлат гранти маблағи ҳисобидан янги замонавий электр трансформатор ўрнатилди.
Тахтакўпир тумани "Ўзбекистон" овул фуқаролар йиғинида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Б.Алламбергенованинг уйи давлат гранти ҳисобидан тўлиқ таъмирлаб берилди. Қораўзак тумани .С.Камалов овули фуқаролар йиғини ҳудудидаги 3 та овул аҳолисининг маҳалла марказига қатнаши, болаларнинг мактабга бориш муаммоларини ҳал этиш мақсадида пиёдалар кўприги янгидан қурилди. 3 овулда 100 га яқин хонадонда 350 га яқин аҳоли яшайди, 70 дан ортиқ болаларнинг мактабга хавфсиз тўғри йўлдан бориши учун шароит яратилди.
Беруний туманидаги "Шаббоз" овул фуқаролар йиғини аҳолиси томорқасидан фойдаланиши учун электр энергиясини тежайдиган 2 та замонавий насос ўрнатилди. Ушбу насослар маҳалланинг 390 та хонадони томорқасини суғориш учун сув билан таъминлайди. Аҳолининг ўз томорқаларидан самарали фойдаланиши учун шароит яратилди. Тумандаги "Тинчлик" маҳалласи ҳудудида болалар спорт майдончаси қуриб берилди.
Бўлим томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида “Бир миллион” дарахт акциялари ташкил этилиб, унинг доирасида 350 га яқин мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.
Нукус шаҳрида ўтказилган "Тоза ҳудуд" акциясида 130 дан ортиқ ёш ва шаҳар фаоллари иштирок этишди. Шунингдек, "Юксалиш" ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда "Сув - бу ҳаёт дегани" акцияси ташкил этилди. Республика қон қуйиш станцияси билан ҳамкорликда "Менга ҳаёт бағишла" хайрия акцияси доирасида қонга муҳтож беморлар учун ихтиёрий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан беғараз қон топширилди.
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан 2025 йил давомида 268 нафар фуқаро реабилитациядан ўтказилиб, 28 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланган. Шунингдек Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан 15 нафар фуқаро реабилитациядан ўтказилган, 8 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг турар жойи таъмирлаб берилди.
Ўзбекистон карлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан жорий йилда мавсумий ишларга 168 нафар жамият аъзоси мавсумий қишлоқ хўжалиги, уй-жой қурилиш ишларига жойлаштирилди. 14 нафар хотин-қизнинг тикувчилик цехларига ишга жойлаштиришда кўмаклашилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 329 нафар хотин-қиз ва 267 нафар ёш оилага турли ёрдам пуллари олиб берилди.
Фарзандларини боғчаларга бепул жойлаштиришда кўмаклашилди. Жамият аъзоларидан 4 киши Тошкент шаҳрида жойлашган "Нуронийлар" санаториясига дам олишга юборилди. Шунингдек Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 105 киши реабилитациядан ўтказилиб, 11 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланди.
Бўлим томонидан келгусида ҳам фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг кўп йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммоларини ҳал этиш бўйича ишлар давом этади. Бу эса давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда ҳамкорлигини кучайтириш, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА