Бухорода Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “ННТлар форуми” бўлиб ўтди.
Унда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, миллий маданий марказларнинг аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилиши белгиланган.
Дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Қаландаров вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг вилоятдаги фуқаролик жамияти институтлари вакилларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда демократия тамойилларига асосланган, очиқ ва халқ хизматидаги давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда фуқаролик жамиятининг ўрни беқиёс аҳамият касб этмоқда. Вилоятда сўнгги йилларда фуқаролик жамияти вакиллари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳолининг ижтимоий фаоллигини кучайтириш ва маҳалла даражасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан сув таъминоти, йўл инфратузилмаси, атроф-муҳит муҳофазаси, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларда амалий лойиҳалар йўлга қўйилгани эътирофга лойиқ. Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари нафақат муаммоларни кўтараётган, балки уларнинг ечимини ҳам таклиф этаётган кучли ижтимоий шерикка айланди.
[gallery-26324]
Ҳокимлик ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш ва аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларни рўёбга чиқаришда доимо ёрдамчи бўлиб қолади. Олиб борилаётган фаолият бу фақат жамоатчилик хизмати эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, халқ ишончини оқлаш ва Ватан равнақига ҳисса қўшиш йўлидаги эзгу ҳаракатдир.
Форумда Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтлари қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, вилоятдаги фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари ўзларининг таклиф ва тавсилари билан сўзга чиқди.
Жорий йилнинг 1-5 декабрь кунлари пойтахтда бўлиб ўтадиган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га делегатлар сайланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.