Давлат ва жамият равнақида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни муҳим ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Шу кунларда пойтахтимизда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. Унда фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, янги таклифлар, ташаббуслар илгари сурилади. Мазкур форум давлат ва жамият институтларининг бир жойда йиғилиб, очиқ форматда фикр-мулоҳаза алмашишида муҳим майдон вазифасини ўтайди.

Ҳафталикда парламент аъзолари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Ҳафталик доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форуми, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ярмаркаси, Олий Мажлис палаталари ва Адлия вазирлиги раҳбарияти билан очиқ мулоқотлар, халқаро конференциялар, акциялар ўтказилиши белгиланган. Шу билан бирга, “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳисса қўшган энг яхши давлат органи” каби мукофотлар орқали бу соҳада фаолият юритаётганлар рағбатлантирилади.

Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг муҳим ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мақсадли лойиҳалар” акцияси ўтказилади. Бу жамоатчиликка таянадиган маҳаллий ташаббусларни молиялаштиришни, ташаббусларнинг қамровини кенгайтиради, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ҳаётга жадал татбиқ этилишига хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, бугунги глобал ўзгаришлар фонида ана шундай мулоқотларни ташкил этиш барқарор тараққиёт, самарали давлат бошқаруви ва жамоатчилик иштирокини чуқурлаштиришда, институтлар ўртасидаги мунтазам мулоқотни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги ва ташаббускорлигини янада оширишга хизмат қилади.
"Фуқаролик жамияти ҳафталиги" 5 декабрга қадар давом этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА