Сўнгги йилларда мамлакатмизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолият эркинлигини таъминлаш, давлат органлари билан ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ва самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда рўйхатдан ўтган ННТлар ва уларнинг бўлинмалари сони 10 мингдан ортиқни ташкил этади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фақат ижтимоий лойиҳалар ижрочиси эмас, балки давлат ва халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли ҳамкоридир. Улар орқали жамиятда ишонч, ҳамжиҳатлик ва инновацион фикрлар шаклланади.
Хабар бериб борилганидек, 1-5 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бўлиб ўтди. Ҳафталик давомида фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кенг муҳокама қилинди. Анжуман доирасида бир қатор давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар, кўргазмалар ташкил этилди.
Ҳафталикнинг якунловчи кунида бу йил илк маротаба ташкил этилган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида таъсис этилган.
Мазкур миллий мукофот илк марта ўтказилаётганига қарамай, мукофот учун 350 дан ортиқ номзоднинг ҳужжати тақдим этилган. Улар орасидан сўнгги икки йилда фаоллик ва ташаббус кўрсатган юртдошларимиз бешта номинация бўйича тақдирланди.
Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси раҳбари Аъзамжон Фармонов “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари фаоли” номинацияси, “Digital Generation Uzbekistan” ННТ раҳбари Азамат Жалолов “Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш фаоли” номинацияси, “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази директори Олия Илмурадова “Ижтимоий ҳимоя фаоли” номинацияси, “Эколог” жамоат бирлашмаси директори, экофаол журналист Наргис Қосимова “Ташаббускор экология фаоли” номинацияси, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази раҳбари Мавлюдахон Ширинова эса “Хотин-қизлар бўйича ижтимоий фаоли” номинацияси ғолиби бўлдилар.
[gallery-26596]
Шунингдек, “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони совриндорлари ҳам тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимиздаги ижтимоий, экологик ва иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлашдаги ўрни ва иштироки, ташаббуслари эътироф этилди. Фуқароларда ижтимоий масъулият ҳиссини оширишда ННтларнинг ташаббуслари, давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки муҳимлиги таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА