Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф–5464-сонли фармойиши билан тасдиқланган Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясининг I бўлими, 1-бандида фуқаролик қонунчилигини унификация қилиш ва тизимлаштириш мақсадида уни инвентаризациядан ўтказиш, шунингдек халқаро стандартлар талабларига ҳамда энг яхши хорижий амалиётларга мувофиқлаштириш назарда тутилган.
Ҳаётий вазиятлар ва чет эл давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, Кодексга ер участкаси бўйича қўшнилар ўртасидаги муносабатларни ва қўшниларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тартибга соладиган боб киритилмоқда. Янги таҳрирдаги норма фақат ер участкалари чегарасини белгилаш билан чекланмай, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва бурчларини ўзаро ҳурмат, тенглик ва ҳамкорлик асосида амалга ошириш зарурлигини мустаҳкамлайди. Бу модда фуқаролик ҳуқуқидаги қўшничилик ҳуқуқи институтининг мазмун-моҳиятини янада кенгайтирди.
Қонунга кўра, «жойлашган жойига кўра бир-бирига жисмоний таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ер участкалари ёки бошқа кўчмас ашё мулкдорлари ёки эгалари қўшнилар деб топилади». Бу таъриф географик яқинлик тамойилидан кенгроқдир: у физик таъсир ўтказиш имконияти асосида белгиланган. Демак, ҳатто икки бино ўртасида девор ёки ҳовли бўлса ҳам, агар бири иккинчисига таъсир кўрсата олса (шовқин, буғ, тутун ва ҳ.к.), улар қўшнилар ҳисобланади.
Қонун илк бор қўшнилар фақат «ҳуқуқ субъектлари» эмас, балки ижтимоий масъул шахслар эканини белгилайди: «Қўшнилар бир-бирини ҳурмат қилиши ва мулк ҳуқуқини амалга оширишда бир-бирига зарур ёрдамни кўрсатиши керак.» Бу қоида фуқаролик ҳуқуқидаги ҳуқуқни суиистеъмол қилишни тақиқлаш тамойилининг (ФКнинг 9-моддаси) амалий ифодаси ҳисобланади. Ҳар бир мулкдор ўз ҳуқуқини бошқаларнинг ҳуқуқларига зарар етказмаган ҳолда амалга ошириши шарт.
Амалиётда бу қуйидаги ҳолатларда намоён бўлади:
- сув, газ, электр ёки иссиқлик тизимларини ўтказишда қўшни билан келишиш;
- қурилиш ишлари чоғида унга зарар етказмаслик;
- умумий девор ёки чегарадаги мажбуриятларни адолатли тақсимлаш.
Дарахтлар, буталар ва табиий ресурслар бўйича қоидалар:
Янги модда қўшничилик муносабатларидаги кўп учрайдиган амалиётий низо — дарахт ва буталарга оид масалаларни аниқлаштирди. Масалан: агар дарахт ёки бутанинг шохлари қўшнининг ҳудудига кириб, халал берса, мулкдор қўшнидан уларни кесишни талаб қилишга ҳақли. Қўшни бу талабни оқилона муддатда бажармаса, мулкдор ўзи шохларни кесиши ва уларни ўзида қолдириши мумкин. Бундан ташқари, агар дарахт мевалари умумий фойдаланишдаги ерга тушса, уларга ёввойи мевалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади. Бу қоида табиий фойдаланиш ҳуқуқи (usus fructus naturalis) билан боғлиқ.
Қўшни кўчмас ашёнинг салбий таъсири ва уни чеклаш ҳуқуқи:
Қонуннинг энг муҳим янги қисми — қўшни мулкнинг таъсири билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш ҳуқуқидир.
Масалан: шовқин, тебраниш, газ, буғ, тутун, ҳид ва бошқалар яшовчилар тинчлигига таъсир этса, қўшни бундай таъсирни тўхтатишни суд орқали талаб қилишга ҳақли. Агар таъсир рухсат этилган меъёрдан ошмаса, лекин барибир мулкдорга зарар етказса, у ҳолда қўшни мутаносиб ҳақ (компенсация) талаб қилиши мумкин. Бу норма экологик ҳуқуқ ва фуқаролик ҳуқуқи чегарасида жойлашган бўлиб, “зарарсиз фойдаланиш” тамойилини мустаҳкамлайди.
Коммуникация тизимлари ва табиий сув оқими:
Мулкдорнинг розилигисиз унинг ер участкасига инжeнер ёки коммуникация тизимини ўтказиш мумкин эмас (қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно). Бу қоида мулк дахлсизлиги тамойилини кафолатлайди. Табиий сув оқими эса қўшнилар ўртасида оқилона тақсимланиши керак. Бунда сувнинг табиий йўналиши инобатга олинади. Бу нормалар сув ресурсларидан фойдаланишда экологик барқарорликни таъминлайди.
Қурилиш ишлари ва қуёш нуридан фойдаланиш ҳуқуқи:
Қурилаётган бино ва иншоотлар:
- миллий стандартларга мос бўлиши;
- қўшни биноларнинг шамоллатилиши, ёритилиши ва қуёш нуридан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслиги лозим.
Бу норма инсон ҳуқуқларига оид халқаро тамойиллар (айниқса, инсон учун қулай муҳитда яшаш ҳуқуқи) билан боғлиқ бўлиб, “архитектура адолати” ва “жисмоний муҳит ҳуқуқи”ни таъминлашга хизмат қилади.
У. Маҳмудхўжаева,
Тошкент давлат юридик университети доценти