French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик ишлари бўйича судларга қандай ваколат бериляпти?
12:59 / 2021-06-22

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида дастлаб “Наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволаш учун наркология муассасаларига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки ушбу муассасада ётиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалаларни фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқиш тартиби белгиланмоқда.  

Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.  

Мазкур қонун лойиҳасида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш белгиланмоқда. Қайд этилишича, бу очиқлик ва ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлайди. Аммо мажлисда ушбу механизм аниқ ишлаб чиқилмагани сабабли иккинчи ўқишда маромига етказиш лозимлиги айтилди.  

Шунингдек, қонун лойиҳасида судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланмоқда.  

Лойиҳа билан судьялар ҳамжамияти органи нуфузини ошириш, судьяларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш, судьяларнинг ваколатини тўхтатиш ва тугатишда холисликни таъминлаш мақсадида судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги, шунингдек, уларни жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортиш учун розилик бериш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш Судьялар олий кенгашида коллегиал муҳокамадан ўтказиш орқали амалга ошириш тартиби жорий қилинади.  

Қизғин ўтган мажлисда қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.  

Шундан сўнг халқ вакиллари “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишди.  

Қонун лойиҳаси билан Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириш, шунингдек, алоҳида нормаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, Ҳисоб палатаси фаолиятига оид Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда.  

Лойиҳага киритилган нормалар билан Ҳисоб палатаси давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга ошириши белгиланмоқда. Шунингдек, Ҳисоб палатаси яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чораларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширади.  

Нурилло Насриев, ЎзА