Жорий йилнинг биринчи ярмида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 1,3 триллион cўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 224 минг 206 суд буйруғи чиқарилган.
– Булар вояга етмаган болалар учун алимент, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик тўловлари ва бошқаларни ташкил этди, – деди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов. – Шунингдек, 235 минг 171 фуқаролик иши кўриб чиқилиб, уларнинг 176 мингдан зиёди бўйича талаблар қаноатлантирилди. 25 минг 716 таси бўйича талаблар қаноатлантирилмасдан, рад қилинди, 29 дан ортиғи бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, тўрт мингга яқини бўйича иш юритиш тугатилди.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишларидан 81 минг 694 таси битимлар билан боғлиқ. 31 минг 784 таси никоҳдан ажратиш, 8 минг 664 таси уй-жой муносабатлари билан боғлиқ, 3 мингга яқини ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш, 1,7 мингдан зиёди оталикни белгилашга оид ва бошқа тоифадаги ишларни ташкил қилди.
Никоҳдан ажратишга оид кўрилган ишлар таҳлилига кўра, кўриб тамомланган ишларнинг 17,5 мингга яқини бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 10 мингдан ортиғи бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган).
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 7,3 мингдан зиёд фуқаролик иши кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 1 минг 182 қарор бекор қилиниб, 479 суд қарори ўзгартирилди.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 минг 774 фуқаролик иши кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 228 қарор бекор қилиниб, 75 суд қарори ўзгартирилди.
Шунингдек, кассация инстанциясида ўттизта фуқаролик иши такроран кўриб чиқилди. Ўн беш суд қарори бекор қилиниб, иккита қарор ўзгартирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА