Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро судида никоҳдан ажратиш ишлари неча фоизга кўпайган?
17:05 / 2022-01-18

Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...

Йиғилишда туман фуқаролик, жиноят, иқтисодий судлар ҳамда туман Адлия бўлимининг ҳисоботи эшитилди ва 2021 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судининг раис ўринбосари Омон Саттаровнинг маълумотига кўра, туман суди томонидан аҳоли билан сайёр қабуллар ва учрашувлар ўтказиш, ишларни сайёр суд мажлисларида кўриш, ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш ишларига кенг эътибор қаратилган. 2021 йил давомида суд томонидан 3004 та (2020 йил давомида 1806 та) аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 фоизга кўпайган.

Туманлараро суди томонидан тамомланган фуқаролик ишларининг 17748 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган. Шундан, 14179 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 2029 таси қисман қаноатлантирилган, 1540 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад қилиниб, 164 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган ва 2158 та фуқаролик иши бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

Таъкидланишича, 2021 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан никоҳдан ажратиш ҳақида 2137 та фуқаролик иши кўрилган (43,5 фоизга кўпайган). Шундан Мирзо Улуғбек тумани бўйича 972 та иш кўриб тамомланган (1,7 фоизга кўпайган), 409 та даъво талаби қаноатлантирилган, 474 та даъво талаби рад этилган, 13 та даъво талаби иш юритувидан тугатилган, 76 даъво талаби кўрмасдан қолдирилган.

2021 йил давомида даъво тақдим этишда тўланган давлат божи суммаси 5 892 585 926 сўмни, суд қарори билан ундирилган давлат божи суммаси эса 15 635 996 994 сўмни ташкил этган.

Йиғилишда, 2021 йил давомида кўрилган 20070 та ишдан туманлараро судлари судьяларининг бир ойлик ўртача иш ҳажми 101 та фуқаролик ишини, суд буйруғи тартибида 3004 та аризадан 13 та суд буйруғи тартибидаги аризаларни ташкил этган бўлса, жорий йилда судьяларининг бир ойлик ўртача иш ҳажми судьялар таркибини тўлиқлигини инобатга олган ҳолда 207 тани ташкил этиши маълум қилинди.

Кўрилган 20070 та ишлардан 8102 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, кўрилган ишларнинг 40,4 фоизини ташкил этар экан.

— Таъкидлаш лозимки, судлар томонидан карантин талабларига риоя этган ҳолда фаолият олиб бориляпти. Фуқаролик ишларини кўриш вақтида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўриш ҳақида 78 та хусусий ажримлар чиқарилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборни янада кучайтириб, уларнинг ҳар бир важини чуқур атрофлича ўрганилиши, жавоблар асосли ва тўлиқ бўлишини таъминлашга, мурожаатларни асосан уни йўллаган шахслар билан суҳбат ўтказиш йўли билан ўрганишга эътибор қаратяпмиз. Ҳар бир судья томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этилишига, унда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, унинг аҳамиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Туманлараро суд судьялари иш юритувидаги ишларнинг камида ўттиз фоизини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилишини таъминлашига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Судьялар ҳар бир ишни кўриб чиқиш якуни бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилингандан кейин, албатта унинг мазмун-моҳиятини суд иштирокчиларига тушунтириб берилишини қатъий таъминлаш чоралари кўриляпти. Судьялар иштирокида ўтказилган йиғилишларда бу борада аниқ тушунтиришлар берилиб, ҳозирда бу амалиётдан мунтазам фойдаланиб келяпмиз, - дейди Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари Омон Саттаров.

Йиғилиш якунида 2022 йилдаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди.