Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтиришга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси, ННТлар миллий ассоциацияси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этишди.

Мулоқотда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик институтларининг ўрни, ННТлар фаолияти учун яратилган ҳуқуқий ва институционал шароитлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, иштирокчиларга 2025 йил 21 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни орқали айрим қонун хужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмуни тушунтирилди. Янги тартибга кўра, ҳомийлик фаолиятида жавобгарлик ва шаффофлик кучайтирилиб, хайрия маблағларини йиғиш ва улардан фойдаланишнинг аниқ қоидалари белгилаб берилди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида ННТ лар учун грант лойиҳаларини тайёрлаш ва тақдим этиш тартиби бўйича амалий тавсиялар берилди. Маълум қилинишича, жорий йилда Сирдарё вилоятидаги 17 та нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари грант ғолиби бўлган. Мулоқот чоғида иккинчи тур грант ғолибларига ҳам сертификатлар топширилди.

– Фуқаролик жамияти — халқ билан давлат ўртасидаги муҳим кўприкдир. Президентимиз фармони доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ННТлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, фуқаролар ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда, – деди Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлими бошлиғи Шердор Расулов.

Якунда иштирокчилар фуқаролик жамияти институтларини янада қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларнинг таъсирини ошириш бўйича ўз таклиф ва фикрларини билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири