Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилмоқда
10:01 / 2021-08-20

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Дастлаб, фракция аъзолари Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.  

 Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси билан ташқи иқтисодий фаолият йўналиши, яъни божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш соҳасида қабул қилинган ҳужжатлар талаблари асосида амалдаги Божхона кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, товар ва транспорт воситларини тегишли божхона режимларига жойлаштириш мақсадида талаб этиладиган рухсатномалар бериш тартиби бекор қилинмоқда, божхона расмийлаштируви муддати уч кундан бир кунга қисқартирилмоқда, шунингдек, яна бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.  

 Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан товарларни экспорт ва импорт қилиш жараёнида мавжуд тартиботлар соддалаштирилади, инсофли тадбиркорларни рағбатлантириш ва ўзини яхши томондан кўрсатган компаниялар учун янги ваколатли иқтисодий оператор институтидан фойдаланган ҳолда соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.  

 Шунингдек, депутатлар кун тартибидан ўрин олган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда муҳокама қилди.  

 Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21-моддасига мувофиқ, республиканинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик белгиланган бўлсада, хорижда яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Сабаби ушбу мамлакатларда иккинчи фуқароликка эга бўлиш қонун билан тақиқланмаган. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 25-моддаси биринчи қисмининг «д» бандида ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши белгиланган. Аммо амалдаги қонунчиликда фуқароларнинг ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд эмас.  

 Мазкур лойиҳада Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахслар томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида хабар бериш тартибини жорий этиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлиги учун, давлат хизматчилари ёки хокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёҳуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилган.  

 Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилади ва чет давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бермаганлиги учун жавобгарликни белгилаш орқали, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, айниқса, давлат хизматчиларининг масъулияти оширилади.  

 

Гулноза Бобоева, ЎзА