Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқаролик бериш тартиблари янада соддалаштирилмоқда
19:39 / 2021-05-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маълумки, юртимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2016 йилга қадар 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилган бўлса, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимиз фармони билан 16 мингдан ортиқ юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди.

Ушбу йўналишдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, бу борадаги амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунига ўзгартишлар киритиляпти. Унга кўра, ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, деб тан олиш белгиланмоқда. Шунингдек, ота-онасидан бири мамлакат фуқароси, деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳласа, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, деб тан олинади.

“Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг муомаласи билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб боряпти. Жумладан, бундай жиноятлар сони 2019 йилда 23 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилда ушбу рақам 230 тани ташкил этиб, жиноятлар сони 207 тага кўпайган. Шундан келиб чиқиб, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини асраш, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш, бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилишини эътиборга олиб, қонун лойиҳасини маъқуллади.

Н.Насриев, ЎзА