Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари Конституцияда қандай акс эттирилган?
16:11 / 2023-05-12

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – олий юридик кучга эга ҳужжат бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Янги Конституцияда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қиладиган  нормалар кучайтирилди. Юридик ёрдам олиш ҳуқуқлари кафолатлари шулардан биридир.    

Хўш, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари Конституцияда қандай акс эттирилган?  

Бу саволга Адлия вазирлиги масъул ходими Умида Зокирова жавоб берди:  

– Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, малакали юридик ёрдам адвокатлар томонидан кўрсатилади. Малакали юридик ёрдам кўрсатишни шартли равишда уч шаклга бўлиш мумкин: адвокат ва ишонч билдирувчи (ҳимоя остидаги) шахс ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосидаги юридик ёрдам; адвокатлар томонидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам; адвокатлар томонидан фуқароларга ихтиёрий (беғараз) бепул юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) асосидаги юридик ёрдам.  

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 29-моддасига кўра, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.  

Бу билан фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқининг мустаҳкам конституциявий асослари кафолатланмоқда.  

Бу эса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг ва соҳаларнинг доирасини кенгайтирмоқда, яъни давлат нафақат жиноят ишлари бўйича, балки фуқаролик (оила, меҳнат, уй-жой ва ҳ.к.), маъмурий ишларда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда ҳам адвокатга тўланиши лозим бўлган ҳақ миқдорини фуқародан эмас, балки давлат томонидан тўлаб берилишини ўз зиммасига олиши белгиланди.  

Давлат ҳисобидан адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилиши халқимизга нима беради, деган масалага тўхталадиган бўлсак, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари тўловга қобилиятсиз бўлсада, малакали юридик ёрдамдан фойдаланиши мумкин. Бу уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қила олиш, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга имкон яратди.  

Н.Абдураимова, ЎзА