Меҳнат муҳожирларининг коронавирус пандемиясидек оғир шароитларда яқин ва узоқ хориж мамлакатларда тирикчилик қилаётгани, айрим ҳолларда алданиб қолаётгани, натижада оғир қарздорлик гирдобига тушиб қолаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келаяпмиз.
Айни хабарлар ижтимоий тармоқларда «бренд»га айланиб улгурди. Ачинарлиси, куни-кеча давлат ташкилотлари орқали Россияга бориб, алданиб қолган 41 нафар мигрант ўзларининг аянчли шароити ҳақида видеомурожаат йўллашган. Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон филиали орқали Россияга бориб қолган фуқаролар филиал раҳбари Улуғбек Йўлдошевга мурожаат йўллаб, ойига 33000-50000 рубль ваъда қилишгани, аммо кунлик даромадлари 120-130 рублдан ошмаётганидан шикоят қилишган. Афсуски, топилган маблағлар юртимиздаги қоракўз фарзандлари, оилаларига жўнатиш тугул, ётоқхонага, қорин тўйғазишларига ҳам етмаётгани, боз устига, қарздор бўлиб қолишаётганини айтишган. Албатта, меҳнат муҳожирларнинг эътирозида жон бор. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 августдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги Фармони билан мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш зарурлиги белгиланган. 2021 йил 12 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари орқали давлат бюджетидан хорижда яшаётган ва яшаш учун маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига молиявий ёрдам берилиши тартиби ва шартлари батафсил ёритилган. Аммо тегишли давлат ташкилотлари меҳнат мигрантларига ёрдам бериш ўрнига уларнинг арз-додига тўраларча муносабатда бўлиб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўймоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини, унинг ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигини ва бошқа тегишли идораларни хориждаги ватандошларимиз тақдирига бефарқ бўлмасликка, уларга тегишли ёрдам кўрсатишга чақиради. Ўзбекистондек салоҳиятли мамлакат фуқароларининг хорижда сарсон бўлиши йўл қўйиб бўлмас ҳолат.
ЎзХДП нуқтаи назарига кўра, келажакда ҳам мана шундай ҳолатларнинг юз бериши олдини олишнинг энг мақбул йўли, бу - мамлакатимизда фуқаролар учун муносиб иш ўринларини яратишдир. Бу хориждаги меҳнат муҳожирлигини камайтиришнинг энг тўғри ва мақбул йўли. Қолаверса, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш, хусусан, хорижда ишлаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва бошқа ҳуқуқлари бўйича аниқ ҳаракатлар ва чораларни кўриш мақсадга мувофиқ.
Ички бозорга ўз товарлари билан кирадиган миллий ишлаб чиқарувчиларнинг доирасини кенгайтириш соғлом рақобатни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу ўз навбатида маҳсулот сифатини яхшилаш ва истеъмол нархларини барқарорлаштиришга, янги иш ўринларини кўпайтиришга хизмат қилади. Зеро, партиямиз ҳар бир шахс муносиб шароитларда меҳнат қилишининг тарафдори.